Мамлакатимиз сармоявий салоҳиятининг Польшадаги эътирофи
  • 28 Июль 2015

Мамлакатимиз сармоявий салоҳиятининг Польшадаги эътирофи

Яқинда Польшанинг Воломин шаҳрида жойлашган “Ҳунармандлар ва зироатчилар кооператив банки” мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси сармоявий салоҳиятининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Воломин тумани (Повят) маъмурияти ва юртимизнинг Варшавадаги элчихонаси ҳамкорлигида уюштирилган мазкур маросимда ушбу туман бурмистрлари, шаҳар кўринишидаги қишлоқлар раҳбарлари ва фаоллари қатнашди.
Воломин тумани 1999 йили Польшада ўтказилган маъмурий ислоҳот натижасида таъсис этилган. У 7 та шаҳар, 5 та шаҳар кўринишидаги қишлоқдан таркиб топган. Умумий майдони 955,37 квадрат километрдан иборат мазкур туманда 230 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Тақдимотда иштирокчилар мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига доир маълумотлар билан яқиндан таништирилди. Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқлари, республикамизда яратилган қулай инвестициявий муҳит, хорижлик сармоядорлар учун тақдим этилаётган имтиёз ҳамда кафолатлар хусусидаги муҳим ахборотлар ҳам тадбир қатнашчилари эътиборига ҳавола қилинди. “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ва “Ангрен” ҳамда “Жиззах” махсус индустриал зоналарида инвестициявий лойиҳаларни ўзаро ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ масалалар бўйича атрофлича фикр юритилди.
Тадбирда Воломин тумани фаоллари савдо-иқтисодий, сармоявий, сайёҳлик, маданий-маърифий ва илмий соҳаларда ўзбекистонлик шериклар билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатилиши ҳамда ривожланишидан манфаатдорлик билдиришди.
Маросимда сўзга чиққан Польша “Ҳунармандлар ва зироатчилар кооператив банки” бошқаруви раиси Я. Вайно Ўзбекистон улкан иқтисодий салоҳиятга эга эканлигини эътироф этди. У Польша — Ўзбекистон қўшма лойиҳаларини молиялаштириш борасида мамлакатимиз банклари билан ҳамкорлик ўрнатишга тайёр эканлигини билдирди.
Ўз навбатида, Воломин тумани етакчиси К. Раковски ўзи раҳбарлик қилаётган ҳудуднинг иқтисодий имкониятларига тўхталар экан, савдо-иқтисодий, инвестициявий, сайёҳлик ҳамда илмий йўналишларда юртимиз билан ҳамкорликни ривожлантириш ва кўламини кенгайтириш зарурлигини алоҳида қайд этди.
Польшанинг Кобивка шаҳри маъмурияти раҳбари Р. Рогуский Ўзбекистон улкан иқтисодий салоҳиятга эга эканини таъкидлаб, республикамизда хорижлик сармоядорлар учун қулай шарт-шароит ва жозибадор бизнес муҳити яратилганини ижобий баҳолади. Шунингдек, у тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун Польшага ўзбек тадбиркорларининг сафарини уюштиришни таклиф қилди.

«Жаҳон» АА.
Варшава

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn