Электрон декларациялаш имкониятларидан барча баҳраманд бўлмоқда
  • 28 Июль 2015

Электрон декларациялаш имкониятларидан барча баҳраманд бўлмоқда

Дилафруз Камолова Бухоро шаҳрида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. Унга божхона юк декларациясини электрон шаклда тақдим этиши мумкинлиги билдирилганида, яратилган бундай қулайликдан бениҳоя хурсанд бўлди. Негаки, гап расмийлаштирув ишларини интернет орқали амалга ошириш ҳақида кетаётганди.

— Президентимизнинг тегишли Фармонига мувофиқ, Товарлар божхона расмийлаштирувини электрон шаклда бажариш тартиби жорий қилинган эди, — дейди вилоят божхона бошқармасининг статистика ва таҳлил гуруҳи катта инспектори Миршод Бадалов. — Унинг ижроси доирасида “Электрон декларациялаш” ахборот тизими амалиётга татбиқ этилди. Пировардида декларациялар, товар ва транспорт воситаларига оид ҳужжатлар ҳамда ҳисоботларни божхона органларига масофадан туриб, электрон тарзда тақдим қилиш ва расмийлаштириш йўлга қўйилди.
Мутахассисларнинг эътироф этишича, электрон декларациялашнинг жорий қилиниши ишбилармонлар вақтини тежабгина қолмай,  тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаш имконини ҳам бермоқда. У божхона қоидаларининг бузилиши олдини олаяпти. Чунончи, мазкур тизим томонидан берилган огоҳлантиришлар натижасида 150 дан зиёд тадбиркорлик субъектлари томонидан  мавжуд қонунчилик талаблари бузилиши эҳтимолига барҳам берилди. Нафақат божхона юк декларацияси, балки у билан бирга топширилиши лозим бўлган сертификат, шартнома, юк-кузатув ҳужжатларининг ҳам электрон шаклда тақдим этилаётгани тежамкорликка йўл очаяпти. Айни шу қулайлик туфайли биргина ўтган йили Бухоро вилоятида тадбиркорлар томонидан икки тоннага яқин қоғоз иқтисод қилинди.
Айтиш ўринлики, давлатимиз томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга кўрсатилаётган хизматлар кўлами ва сифатини ошириш йўлидаги ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, “Олот” чегара божхона комплексига 3 миллион АҚШ доллари эвазига харид қилинган замонавий мобиль инспекцион-текширув мажмуаси ажратилди. Божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари ушбу сканер қурилмаси ёрдамида текширувдан ўтказилаяпти. Бу эса божхона кўриги самарадорлигини ошириш, тадбиркорлар, шу жумладан, аҳоли вақтини тежаш имконини бераётир.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn