Кимё саноати: инновацион лойиҳалар ва модернизация
  • 25 Июль 2015

Кимё саноати: инновацион лойиҳалар ва модернизация

корхоналар салоҳиятини оширишда алоҳида ўрин тутмоқда

“Навоийазот” акциядорлик жамияти мамлакатимиз кимё саноатининг энг йирик ишлаб чиқариш субъектларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда республикамиз эҳтиёжи учун зарур бўлган азотли минерал ўғитларнинг 40 фоизга яқини ҳамда 70 дан ортиқ кимёвий хом ашёлар ушбу корхона ҳиссасига тўғри келаётгани бунинг тасдиғидир.
Қолаверса, сўнгги пайтларда бу ерда бир қатор модернизациялаш тадбирлари амалга оширилдики, бунинг самараси ҳам амалда яққол намоён бўлмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 317,9 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, унинг 21 миллион 291,6 минг АҚШ долларилиги экспортга йўналтирилгани ана шундан далолат беради.
Айни кунларда эса Президентимизнинг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, корхона жамоаси “Офтобжон” болалар оромгоҳида қуёш энергияси орқали иссиқ сув билан таъминловчи иккита гелиоколлекторни қуриш ҳамда “Кумушкон” мавзеидаги чорвачилик мажмуасида биогаз қурилмасини ўрнатиш устида иш олиб бормоқда.
Шу билан бирга, жамиятдаги эскирган ускуналарни замонавийларига алмаштириш учун 5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилгани электр энергияси сарфини камайтириб, маҳсулотлар сифатини янада яхшилашда қўл келаётир.
Айниқса, корхонада амалга оширилаётган модернизациялаш тадбирлари ҳақида гап кетганда, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган “Саноат корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Негаки, ўтган йили ушбу лойиҳа доирасида тутун ютувчи қурилманинг ўрнатилиши ва абгазларни ёқиш ускунасининг такомиллаштирилиши ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш имконини берди. Айни чоғда иссиқлик ва электр энергияси сарфи тежалган ҳолда, атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдори сезиларли даражада камайтирилди. Аниқроғи, лойиҳа шарофати туфайли корхонада йилига 6 млн. 400,32 минг кВт./соат электр энергияси иқтисод қилинган бўлса, ишлатилган иссиқлик энергиясининг қуввати аввалгидан икки баробар қисқартирилди.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда аммиак, карбамид, каустик сода, поливинилхлорид ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаларини қуриш бўйича тендер ҳам эълон қилинганки, бу, ўз навбатида, келгусида корхона фаолиятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Қисқача айтганда, ўн мингдан зиёд киши меҳнат қилаётган “Навоийазот”да ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилаётган истиқболли лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилиши натижасида 2017 — 2019 йилларда маҳсулот тайёрлаш ҳажми 2,6 баравар ортиб, кимёгарлар сафига яна минглаб мутахассислар қўшилади.


Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn