Барқарор фаолият омили
  • 25 Июль 2015

Барқарор фаолият омили

Бугунги кунда мамлакатимизда темир йўл тизимида рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар кўлами ниҳоятда кенг. Хусусан, замонавий йўллар қурилиб, ҳаракат таркиби сифат жиҳатидан яхшиланиб бораётгани аҳолига жаҳон талаблари даражасида темир йўл транспорти хизматларини кўрсатишда муҳим аҳамият касб этаяпти.

Кеча пойтахтимизда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг олти ойлик фаолияти якунларига бағишлаб бўлиб ўтган матбуот анжуманида ана шулар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Қайд этилдики, маҳаллий ва хорижий инвестициялар жалб қилинган ҳолда, тизимда ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашга алоҳида эътибор қаратилаётгани ўз самарасини бермоқда.
Йил бошидан буён темир йўл станцияларидан 33,3 миллион тонна юк ташилиб, 10,7 миллион йўловчи ўз манзилига етказиб қўйилгани, саноат корхоналарида 204,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 202 та иш ўрни яратилгани бунинг яққол далолатидир.
Шу билан бирга, “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўлини қуриш, “Мароқанд — Қарши”, “Қарши — Термиз”, “Самарқанд — Бухоро” темир йўл участкаларини электрлаштириш, темир йўлларни реабилитация қилиш, юк ҳамда йўловчи вагонлар паркини янгилаш, уларнинг хизмат муддатини узайтириш, локомотивларни модернизациялаш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилгани диққатга сазовор.
Маълумки, “Ангрен — Поп” янги электрлаштирилган темир йўл линияси соҳадаги ноёб лойиҳа ҳисобланади. Унинг қурилиши учун 186,7 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилиб, бугунги кунда денгиз сатҳидан 2 минг 200 метр баландликда жойлашган “Қамчиқ” довонида бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилмоқда. Гап шундаки, лойиҳага кўра, улкан қурилиш объектида жами 43 миллион куб метр тупроқ, 16,3 миллион куб метр бурғилаш-портлатиш ишлари амалга оширилиши, узунлиги 19,1 километрлик туннель, 285 та сув ўтказиш ва 6 та йўл ўтказгич иншооти, 13 та кўприк, 6 та станция ва 2 та вокзал қурилиши кўзда тутилган. Ҳозирги кунга қадар эса бу ерда 43 миллион куб метр тупроқ ҳамда 16,3 миллион куб метр бурғилаш-портлатиш ишлари бажарилиб, барча сув ўтказиш ва йўл ўтказгич иншоотлари, кўприклар, “Орзу” вокзали, “Кўл”, “Темирйўлобод” ҳамда “Қўшминор” станциялари қуриб битказилди.
“Мароқанд — Қарши” темир йўл участкасини электрлаштириш лойиҳаси доирасида ҳам темир-бетон таянчлари ўрнатиш ишлари ниҳоясига етказилиб, 3267 та консол ўрнатилди. Ушбу лойиҳа автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви ва электр энергия сарфини ҳисоблаш тизимига эга бўлиши билан алоҳида ажралиб туради.
Шу кунларда эса темир йўлчиларимиз 291 километр узунликдаги “Самарқанд — Бухоро” темир йўл участкасини электрлаштириш ишларини ҳам бошлаб юбордилар.
Таъкидлаш керакки, бундай истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқаришда зарур бўладиган асосий маҳсулотлар ўзимизда тайёрланаётганлиги харажатларни камайтириш имконини бераётир. Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.

 Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn