Натижалар таҳлил қилинди, вазифалар белгиланди
  • 24 Июль 2015

Натижалар таҳлил қилинди, вазифалар белгиланди

Жойларда жорий йилнинг биринчи ярмида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий қайта ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурларини амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга бағишланган фаоллар йиғилишлари бўлиб ўтмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси. Жўқорғи Кенгес раиси М. Ерниязов бошқарган йиғилишда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича бир қатор ютуқларга эришилгани таъкидланди. Хусусан, ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш 108,8 фоизни ташкил этгани ҳолда, кичик бизнеснинг ҳиссаси 49,6 фоизга, хизмат кўрсатиш 55,1 фоизга етди. Саноат маҳсулотлари тайёрлаш кўлами 110 фоизни ташкил қилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми эса 107,4 фоиздан иборат бўлди.
2015 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурига мувофиқ, Қорақалпоғистонда барча манбалар ҳисобидан 5 триллион 799 миллиард сўмлик сармояларни ўзлаштириш белгиланган. Айни чоғда ушбу маблағ ҳисобидан шифохоналар, таълим муассасалари, болалар спорти ва бошқа ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ҳамда реконструкция ишлари олиб борилаётир. Мазкур дастур асосида 88 та сув таъминоти иншоотида амалга оширилган қурилиш ишлари натижасида 113 мингдан зиёд аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.
Бундан ташқари, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури бўйича саноат, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 81 миллиард сўмлик 1 минг 232 та лойиҳа рўёбга чиқарилди.
Давлатимиз раҳбарининг Фармонига мувофиқ эса, 2015 — 2019 йилларда 748 миллион АҚШ долларилик 8 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Ҳозирги кунда Тахиатош иссиқлик электр станциясида 700 миллион долларлик инвестиция ҳисобидан реконструкция тадбирлари бошлаб юборилди. Шу билан бирга, 48 миллион долларлик сармоя ҳисобидан 5 та эски пахта тозалаш заводи негизида замонавий енгил саноат корхоналарини ташкил этиш белгиланган. Улар фаолият бошлаши билан 5 мингга яқин иш ўрни яратилади.
Йиғилишда эришилган ютуқлар билан бир қаторда, йўл қўйилган камчиликлар кўрсатилиб, уларни бартараф этиш чоралари белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.

* * *

Қашқадарё вилояти. Вилоят ҳокими З. Рўзиев бошқарган йиғилишда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳудудда ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши 4,6 фоизни, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 7,4, капитал қўйилмалар ҳажми 9,5, жами хизматлар 15,9, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,2 фоизни ташкил этгани қайд этилди. Бандлик масаласида амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар туфайли 40 мингдан зиёд иш ўрни яратилди.
Ҳисобот даврида фаол инвестиция сиёсати ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, шунингдек, инфратузилмани ривожлантириш мақсадида барча манбалар ҳисобидан 2,4 триллион сўмлик сармоя ўзлаштирилди. Шундан 66,9 фоизи ишлаб чиқариш соҳасига йўналтирилди. Жами инвестицияларнинг 52 фоизи бевосита корхоналар томонидан жалб этилгани ҳам эътиборлидир.
Саноат дастурига асосан, 103,4 миллиард сўмлик инвестиция ҳисобидан 180 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилгани туфайли 95 та янги саноат корхонаси ишга туширилган бўлса, 85 корхонада модернизациялаш ишлари амалга оширилди.
Йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар қайд этилиб, уларни бартараф қилиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Қашқадарё вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. Азимов сўзга чиқди.

* * *

Бухоро вилояти. Вилоят ҳокими М. Эсонов бошқарган йиғилишда ўтган ярим йилликда қўлга киритилган ютуқлар баробарида, 2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий қайта ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурларини амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.
Қисқа вақт ичида ҳудудда иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатларига ҳамда аҳоли турмуш даражаси изчил юксалишига эришилди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 7,2 фоиз ошди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7,5, чакана савдо айланмаси 4,2, хизматлар кўрсатиш 5,6, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 6,6 фоиз ўсди.
Маҳаллийлаштириш дастури бўйича бешта корхонада 12 лойиҳа асосида 89,4 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланди. Айни чоғда ушбу дастур ижроси, ҳудудий экспорт ҳажми белгиланган прогноз кўрсаткичидан пастлиги қайд этилиб, камчиликларни бартараф қилиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Йиғилишда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий муассасаларни куз-қиш даврида барқарор ишлашга ҳозирлаш, аҳолига энергия ресурслари узлуксиз етказиб берилиши бўйича пухта тизим яратиш масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, электр энергияси ва табиий газ тўловларидан қарздорликни кескин камайтириш, тадбиркорлар фаолиятида учраётган тўсиқларни ва бошқа камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар белгиланди.
Бухоро вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ. Ибрагимов сўзга чиқди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn