Иқтисодий салоҳият мезони
  • 23 Июль 2015

Иқтисодий салоҳият мезони

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек, яқин ўтмишда қолоқ аграр республика бўлган, иқтисодиётининг асосини пахтачилик ва пахтани қайта ишлаш корхоналари ташкил этган Ўзбекистон бугунги кунда замонавий ишлаб чиқариш тармоқларини барпо қилиш ҳисобидан иқтисодиётда саноатнинг улуши 25 фоизга етган, экспортбоп ва рақобатбардош маҳсулотларнинг 60 фоиздан ортиғи юқори технологияларга асосланган соҳаларда ишлаб чиқарилаётган, куч-қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган мамлакатга айланди.

Бундай улкан муваффақиятларни бир вақтлар саноат корхоналари бармоқ билан санарли бўлган Сирдарё вилояти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Зеро, ўтган қисқа давр мобайнида ҳудудда ўнлаб илғор ишлаб чиқариш субъектлари ташкил этилиб, импорт ўрнини босувчи кўплаб турдаги харидоргир маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Масалан, ҳозирги кунда воҳа бўйича биргина енгил саноат йўналишида 160 дан зиёд катта-кичик корхона фаолият юритмоқда. Эътиборлиси, уларда толани ипга айлантиришдан то тайёр маҳсулот ҳолига келтиришгача бўлган барча жараён замонавий технологиялар асосида амалга оширилаяпти. Қолаверса, ҳудудда тайёрланаётган ип-газлама ҳамда кийим-кечакларга ташқи бозорда ҳам талаб ортиб бораётир. Жумладан, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида маҳаллий ишбилармонлар томонидан 9,5 миллион АҚШ долларилик трикотаж ашёлари хорижга сотилди.
Қувонарлиси, вилоятда бундай экспортчи корхоналар сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Масалан, ўтган йили улар сони 9 тани ташкил этган бўлса, ҳозирги кунга келиб бу кўрсаткич 11 тага етди.
Гулистон шаҳрида фаолият бошлаган “Гул Рен Текс” масъулияти чекланган жамияти ҳам — шулардан бири. — Маҳсулотларимизнинг рақобатбардошлигини таъминлаш — бош мақсадимиз, — дейди корхона раҳбари Убайдулла Раҳматов. — Бунинг учун, аввало, барча жараённи юқори технологиялар асосида амалга оширишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Қолаверса, жамоамизнинг ҳар бир аъзоси — малакали мутахассис. Уларнинг аксарият қисмини касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар ташкил қилади.
— Ҳадемай, ҳудудимиздаги енгил саноат тармоғи яна бир неча янги корхоналар ҳисобига кенгаяди, — дейди Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги хорижий инвестицияларни жалб этиш, саноатни ривожлантириш департаменти раҳбари Хайрулло Бобоев. — Пировардида уларда энг замонавий дастгоҳ ва ускуналар ёрдамида рангли калава ип, ипак мато, пайпоқ ҳамда сочиқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Муҳими, ана шу маҳсулотларнинг асосий қисмини экспортга йўналтириш мўлжалланаяпти.
Таъкидлаш лозимки, фаолият юритаётган ва янги ташкил қилинаётган енгил саноат корхоналари вилоятнинг турли шаҳар ҳамда туманларини қамраб олган. Ишлаб чиқариш субъектларининг бундай жойлашуви эса ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, шунингдек, аҳоли турмуш фаровонлиги янада юксалишида муҳим аҳамият касб этмоқда.


Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
Ҳасан ПАЙДОЕВ (суратлар),
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn