Банк тизими: Барқарор юксалиш суръатлари
  • 23 Июль 2015

Банк тизими: Барқарор юксалиш суръатлари

Пойтахтимизда банк тизимининг 2015 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти якунлари ва Президентимиз томонидан Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 16 январдаги мажлисида белгилаб берилган 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари ижроси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 16 июлдаги йиғилишида банк тизими олдига қўйилган долзарб вазифаларнинг муҳокамасига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Марказий банк раиси Ф. Муллажонов бошқарди. Қайд этилдики, ҳисобот даврида Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати 2015 йил учун мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилишига, давлатимиз раҳбарининг банк тизимини янада ислоҳ қилиш, унинг барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишга қаратилган Фармон ва қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилди.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатимиз банк тизими капиталлашув даражасини ошириш, унинг ликвидлигини янада мустаҳкамлаш, барқарорлигини кучайтириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада соҳада нафақат халқаро умумқабул қилинган меъёрларга, балки айрим йўналишлар бўйича ундан ҳам юқори кўрсаткичларга эришилди. Хусусан, бугунги кунда банк тизими капиталининг етарлилик даражаси 24,3 фоизни ташкил этиб, у халқаро банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан 8 фоиз қилиб белгиланган талабга нисбатан қарийб 3 баробар зиёддир. 2015 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра эса, банкларнинг умумий капитали 7,2 трлн. сўмдан ошиб кетди.
Банк тизимининг жорий ликвидлик даражаси бир неча йилдан буён 64 фоиздан юқори кўрсаткични ташкил этмоқда. Бу ҳам жаҳон амалиётида умумқабул қилинган минимал кўрсаткичдан 2 баробар ортиқдир.
Банк активлари ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 27,6 фоиз ўсиб, ҳозирги кунда 59,5 трлн. сўмдан ортди.
Халқаро стандартлар асосида самарали банк назоратининг амалга оширилиши, банк ликвидлиги ва активлари сифати устидан доимий мониторинг олиб борилиши мамлакатимиз банкларига етакчи халқаро рейтинг агентликларининг ижобий рейтинг баҳоларини олиш ва қайта тасдиқлаш имкониятини яратди. Жумладан, “Мoody’s” халқаро рейтинг агентлиги шу йилнинг 13 июлида Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболларига кетма-кет олтинчи йил “барқарор” рейтинг баҳосини берди.
Мазкур агентлик томонидан, шунингдек, Ўзбекистон банклари активлари сифати келгусида ҳам юқори даражада сақланиб қолиши, депозитлар ҳажми барқарорлиги ҳисобига банкларнинг ликвидлик кўрсаткичи ҳам юқори даражада сақланиб туриши, 2014 йил якунлари бўйича Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ичида фақат республикамиз банк тизими барқарор ривожланиш прогнозига эга эканлиги алоҳида таъкидланди.
Бугунги кунга келиб, республикамизнинг барча тижорат банклари “Fitch Ratings”, “Мoody’s” ва “Standard&Poor’s” каби нуфузли халқаро рейтинг агентликларининг “барқарор” рейтинг баҳоларига эга эканлиги, айниқса, диққатга сазовордир.
Банк тизими фаолиятининг асосий индикаторлари, чунончи, “банкларнинг умумий капитали етарлилиги”, “тижорат банкларининг ликвидлиги”, “депозитлар ҳажмининг динамикаси”, “кредит қўйилмалари ҳажмининг ўзгариши” ҳам жорий йилнинг I ярим йиллик якунлари бўйича юқори баҳоларга мос бўлди.
Айни чоғда банклар томонидан 2015 йилнинг устувор вазифаси — саноатда юқори технологияли ва замонавий энг муҳим объектлар ҳамда қувватларни ишга тушириш, мамлакатда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, шу йилнинг I ярим йиллигида иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 30,5 фоиз кўпайиб, 37,5 трлн. сўмдан ошди. Банкларнинг инвестиция мақсадларига ажратилган кредитлари миқдори эса ўтган йилнинг шу давридагига таққослаганда 1,2 баробар ортиб, 5 трлн. сўмни ташкил қилди.
Юртбошимизнинг кичик бизнесни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш борасида қабул қилинган Фармон ва қарорлари ижросини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида эса соҳа субъектларига ажратилган кредитлар ҳажми 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 1,3 баробар кўпайиб, 2015 йил 1 июль ҳолатига кўра, 6,4 трлн. сўмдан ортди. Жумладан, микрокредитлар ҳажми 1,4 трлн. сўмдан ошиб, 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 1,3 баробардан зиёдроқ ўсди.
Тижорат банклари томонидан тадбиркор аёлларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган кредитлари миқдори ҳам ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 1,3 баробар ўсиб, бугунги кунда 685,7 млрд. сўмдан ошиб кетди.
Шу билан бирга, банклар ёшларни, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга ҳам жиддий эътибор бериб келмоқда. Масалан, 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида мазкур йўналишга 133,2 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилдики, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан қарийб 1,7 баробар кўпдир.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз банкларининг барқарор ҳолати, тизимга бўлган ишонч йилдан-йилга ошиши ҳамда аҳоли реал даромадларининг ўсиб бориши юртдошларимиз ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш пул маблағларини омонатларга жалб қилишнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Тижорат банкларининг ресурс базасини кўпайтириш борасида рўёбга чиқарилаётган ишлар эса уларнинг жами депозитлари миқдори йилдан-йилга ошишини таъминламоқда. Айтайлик, ушбу кўрсаткич 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 30,2 фоиз ўсиб, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 31,5 трлн. сўмдан ортди.
Бундан ташқари, ҳисобот даврида молиявий хизматлар таркибида бевосита банк хизматлари улуши 87 фоизни ташкил этиб, 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 1,3 баробардан зиёд ошди. Бу аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига замонавий банк хизматлари кўрсатиш сифати ва кўламини кенгайтириш бўйича кўрилаётган мақсадли чора-тадбирларнинг самарасидир, албатта.
Республикамизда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш масаласи ҳам доимий  диққат-эътиборда турибди. Муомалага чиқарилган пластик карточкалар сони бугунги кунга келиб, 14,5 млн. донадан ортгани, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларига ўрнатилган ҳисоб-китоб терминаллари эса 166,1 мингтага етгани ана шундан далолат беради.
Мажлисда, шунингдек, банклар томонидан мижозларга замонавий хизматлар кўрсатиш ва аҳолининг уларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш борасида мавжуд ички имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаётган айрим тижорат банклари фаолияти қаттиқ танқид қилинди.
Мажлисда жорий йилнинг иккинчи ярмида банк тизимида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди. Ҳукумат томонидан 2015 йил учун белгилаб берилган иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларининг ўз вақтида сўзсиз бажарилишига эришиш, айниқса, мамлакатимиз Президентининг 2015 йил 6 майдаги “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига мувофиқ, банк тизимининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш, тижорат банкларининг фаолиятини халқаро стандартлар ва принциплар асосида баҳолаш, тартибга солиш ҳамда назорат қилиш тизимини янада такомиллаштириш, халқаро молия институтлари билан ўрнатилган ҳамкорликни доимий мустаҳкамлаб бориш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, банк хизматлари турларини янада кенгайтириш ҳамда сифатини яхшилаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жадал жорий этишга доир вазифалар ана шулар сирасига киради.
Мажлисда барча банкларнинг раҳбарлари зиммасига “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган ҳар бир вазифанинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини таъминлашга қаратилган ишларни фаол давом эттириш вазифаси юклатилди.
Мажлисда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан Марказий банк Бошқарувининг тегишли қарорлари қабул қилинди.


Икром ЎТБОСАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn