Маҳаллийлаштириш дастури: модернизация ва изчил ривожланиш
Версия для печати
  • 22 Июль 2015

Маҳаллийлаштириш дастури: модернизация ва изчил ривожланиш

Жорий йилнинг олти ойида республикамизда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 585 турдаги янги маҳсулотни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бу саноат тармоқлари салоҳиятини янада кенгайтириш, инновацион лойиҳаларни ҳаётга изчил татбиқ этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарасидир.

Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимизда Маҳаллийлаштириш дастури бўйича амалга оширилаётган ишлар кўлами тобора ортмоқда. “Қўқон механика заводи” акциядорлик жамиятининг фаолияти бунга яққол мисол бўла олади. Гап шундаки, нефть-газ соҳасига бутловчи қисмлар етказиб берувчи мазкур корхона кейинги бир-икки йил ичида Италия, Германия, Швеция, Португалия, Швейцария каби давлатлардан келтирилган энг замонавий технологиялар билан жиҳозландики, бу иш унумдорлигини сезиларли даражада кучайтириб юборди.
— Масалан, биз тайёрлаётган муқобил иситиш қозонлари, юқори босимга чидамли газ сиғимлари ва баллонлари илгари валюта ҳисобидан четдан келтирилар эди, — дейди корхона директори Шарифжон Йўлдошев. — Бажарилган модернизациялаш тадбирлари туфайли эндиликда бу каби маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқараяпмиз.
Корхонанинг салоҳияти нечоғли юксалиб бораётганини иқтисодий кўрсаткичлар ҳам яққол тасдиқлаб турибди. Жорий йилнинг олти ойида буюртмачиларга 28 млрд. сўмликдан зиёд тайёр маҳсулотлар сотилиб, белгиланган режа 106 фоиз бажарилди. Нефть-газ саноати учун бутловчи асбоб-ускуналар ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ҳажми 152 фоизни ташкил этди. Шунингдек, 6 турдаги янги маҳсулот тайёрлашга эришилди.
Шу кунларда эса корхонада мустақиллигимизнинг 24 йиллик байрамига бағишлаб ўтказиладиган “Ўз касбининг устаси” кўрик-танловига пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Унда 460 нафар ёш мутахассис ўз касбига бўлган садоқати ва билимини намойиш этади. Мазкур тадбир асносида ёшлар ўқиш давомида олган билимларини синовдан ўтказиш баробарида, ўзаро тажриба ҳам алмашади. Бу, табиийки, ишлаб чиқариш жараёнига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади, албатта. Қолаверса, соғлом рақобат ҳамда барқарор ривожланиш кузатилаётган корхонага қизиқиш ҳам ортади. Ўтган йили завод жамоаси сафига 328 нафар ёш мутахассис қўшилгани, жорий йилда эса уларнинг сафи янада кенгаяётгани ана шундан далолатдир.
Мухтасар айтганда, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш мамлакатимиз саноат салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлмоқда. “Қўқон механика заводи”нинг етук мутахассислари эса ана шундай эзгу мақсад йўлида меҳнат қилаётгани диққатга сазовор.

Набижон СОБИРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn