«Textile World» журнали Ўзбекистондаги қулай сармоявий муҳит ҳақида
  • 22 Июль 2015

«Textile World» журнали Ўзбекистондаги қулай сармоявий муҳит ҳақида

Покистонда нашр қилинадиган “Textile World” журналида “Ўзбекистондаги сармоявий иқлим” сарлавҳали мақола чоп этилди. Унда мамлакатимизда хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда кенг имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилган.

Нашрда иқтисодиётнинг барча соҳасини ривожлантириш ва модернизациялаш бўйича мажмуавий дастурларнинг ҳаётга тизимли ҳамда изчил татбиқ қилиниши туфайли республикамиз экспорт салоҳияти йилдан-йилга ошиб бораётгани ҳақида тўхталинар экан, жаҳон бозори йўналишида хом ашё ўрнини юксак технологияларга асосланган юқори қўшимча қийматли тайёр маҳсулотлар эгаллаётгани алоҳида таъкидланади.
Шунингдек, мақолада Ўзбекистон бозорининг кенглиги ва юртимиз Евроосиё мультимодал коммуникация тизимига интеграциялашган ривожланган транспорт инфратузилмасига эга эканлиги унинг инвестициявий жозибадорлигини таъминлаётгани қайд этилган.
Журналда мамлакатимизда шаклланган қулай сармоявий муҳит, хорижлик инвесторлар учун турли афзалликлар ва кафолатлар тизими белгилангани ҳақида алоҳида таъкидланиб, республикамизда ташкил қилинган эркин ҳамда махсус иқтисодий зоналарда фаолият юритаётган субъектларга кўплаб имтиёз ва қулайликлар берилгани жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, қолаверса, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлаётганига урғу берилади.
Мақолада Ўзбекистон минтақада энг диверсификациялашган иқтисодиётга эга эканлиги ҳамда юртимизда енгил ва юк машиналарининг кўплаб русумлари, юқори сифатли қишлоқ хўжалиги техникалари, кимё, тўқимачилик, дори-дармон, қурилиш, озиқ-овқат саноатидаги турли-туман маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётгани ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.
Мухтасар айтганда, ушбу мақолада жадал ривожланиб бораётган Ўзбекистон бозорига инвестиция киритишга интилаётган покистонлик сармоядорлар учун зарур бўлган барча муҳим маълумотлар ўз ифодасини топган.

«Жаҳон» АА.
Исломобод

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn