Жакартадаги тадбир мамлакатимиз сайёҳлик имкониятларига бағишланди
  • 22 Июль 2015

Жакартадаги тадбир мамлакатимиз сайёҳлик имкониятларига бағишланди

Жакарта шаҳрида мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикасининг Жакартадаги элчихонаси томонидан “PT Arminareka Perdana” сайёҳлик компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда Индонезия ижтимоий-сиёсий, илмий-академик ҳамда ишбилармон доиралари вакиллари қатнашди.

Улар мамлакатимизнинг бой тарихи ва замонавий тараққиёти билан яқиндан таништирилди.
Таъкидланганидек, жаҳон тамаддуни бешикларидан бири ҳисобланадиган Ўзбекистон неча-неча асрлар давомида инсониятнинг маданий, илмий ҳамда маънавий бойлигини ўзида мужассамлаштиргани ҳолда, Шарқ ва ўарб ўртасида кўприк вазифасини ўтаб келган.
Тадбирда республикамиз сайёҳлик соҳасини ривожлантириш борасида қўлга киритилган муваффақиятлар, мамлакатимиз бўйлаб сайёҳлик йўналишлари, саёҳатчиларни жалб этиш имкониятлари хусусидаги маълумотлар йиғилганлар эътиборига ҳавола қилинди. Алоҳида қайд этилганидек, Ўзбекистонга ташриф буюраётган хорижлик сайёҳлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Шунингдек, юртимизда бебаҳо меъморий ёдгорликларни авайлаб асраш, халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига катта эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Маросимда Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ва меъморий ёдгорликлари ҳақида ҳикоя қилувчи фото ҳамда видеолавҳалар намойиш этилиши билан бирга, ўзбек миллий таомлари ва серқуёш ўлкамиз заминида етиштирилган ноз-неъматлар тақдимоти ҳам ўтказилди.

«Жаҳон» АА.
Жакарта

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn