Улкан имкониятлар мамлакати
  • 21 Июль 2015

Улкан имкониятлар мамлакати

Президентимизнинг шу йил 17 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, айни кунларда “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” деган эзгу ғоя остида мамлакатимизда энг улуғ, энг азиз байрамимизга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Дарҳақиқат, ўтган қисқа даврда юртимизда амалга оширилган асрларга татигулик ишлар, қўлга киритилган улкан муваффақиятлар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Зеро, ҳаётга изчил татбиқ этилаётган ислоҳотлар самараси мамлакатимиз обод, турмушимиз янада фаровон бўлиб бораётганида яққол намоён бўлаяпти. Бошқача айтганда, биз бугун ривожланиш йўлидан дадил одимлаётган тинч ва осуда юртда яшаяпмиз. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” деган мавзуда ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, Ўзбекистон 158 давлат орасида 44-ўринни, Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасида эса биринчи ўринни эгаллагани ана шундан далолат беради. Президентимиз таъкидлаганидек, бу авваламбор, мустақиллик даврида биз эришган улкан марраларни, иқтисодиётимиз барқарор суръатлар билан ривожланаётгани, одамларимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати ошиб бораётгани ҳамда бу ютуқларни дунё ҳамжамияти яна бир бор тан олаётганини кўрсатади.
Республикамизда истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ машҳур беш тамойил асосида ишлаб чиқилган ва халқаро миқёсда “ўзбек модели” дея эътироф этилган тараққиёт йўлимиз ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Бундан ҳар қанча қувонсак, ғурурлансак, арзийди, албатта.
Эътибор қилинг, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳали-бери давом этаётганига қарамасдан, жорий йилнинг олти ойида ҳам республикамиз иқтисодиётида сезиларли даражада ижобий ўзгаришлар кузатилди. Хусусан, шу давр ичида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,1 фоиз, истеъмол товарлари тайёрлаш суръати 13,5 фоиз, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ҳажми 6,5 фоиз ўсди. Бу рақамлар ўзимизга хос моделнинг нақадар тўғри ва ишончли эканини яна бир карра тасдиқлади.

Иқтисодиётнинг таянч кучи
Маълумки, ҳозирги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари мамлакатимиз иқтисодиётида ҳал қилувчи куч бўлиб, уни дунё бозорига танитувчи восита сифатида хизмат қилаяпти. Соҳада рўй бераётган янгиликлар, ишбилармонларимиз қўлга киритаётган ютуқлар шундай дейишимизга тўла асос бўла олади. Масалан, республикамизда биргина жорий йилнинг олти ойида 15,2 мингта, яъни ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 6,3 фоиз кўп янги кичик бизнес субъектлари фаолияти йўлга қўйилди. Ўзининг илғор ғоялари билан юрт равнақига ҳисса қўшиш истагидаги ишбилармонларга ажратилган кредитлар миқдори эса 6,4 триллион сўмга етди.
Айтиш жоизки, тадбиркорларимиз эришаётган муваффақиятлар соҳа ривожи учун ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкам пойдевор яратилаётгани, бевосита Президентимиз ташаббуси билан уларга кўплаб имтиёзлар берилаётгани самарасидир.
— Чиндан ҳам, Юртбошимизнинг ғамхўрлигини ҳар қадамда чуқур ҳис этиб турибмиз, — дейди Навоий шаҳридаги “Навоий Шамс” фирмаси бош директори, “Шуҳрат” медали соҳиби Шавқиддин Жамолов. — Айниқса, Президентимизнинг жорий йил 15 майда имзолаган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда ишбилармонларга бўлган эътибор юксак эканини яна бир карра тасдиқлади. Шу маънода, унда белгилаб берилган имтиёз ва енгилликлар келгуси фаолиятимизда қўл келиши, шубҳасиз.
Айни пайтда 800 киши меҳнат қилаётган фирмамизда аҳолига савдо ва маиший хизмат кўрсатилиши баробарида, саноат ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйганмиз. Тайёрлаётган маҳсулотларимиз сифат борасида халқаро стандартлар талабига тўлиқ мос келади. Яқин кунларда эса вьетнамлик ҳамкорлар билан биргаликда балиқчилик хўжалигини ҳам ташкил этишни режалаштириб турибмиз. Насиб қилса, лойиҳамизни амалга оширсак, яна 32 кишини иш билан таъминлаймиз.
Мамлакатимизда ана шундай эзгу мақсадлар йўлида фидокорона меҳнат қилаётган тадбиркорларимиз бор экан, иқтисодиётимиз бундан-да тараққий этиб, турмушимиз янада обод ва фаровон бўлиб бораверади.

Соғлом элнинг бахти бутун бўлади
Халқимизда “Тўрт мучанг соғ бўлса, бахтинг бутун бўлади”, деган нақл бор. Чиндан ҳам, инсоннинг  вужуди ва онги соғлом бўлсагина, юриш-туришида файз, турмушида хотиржамлик, меҳнатида барака бўлади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, юртимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, уни халқаро андозалар даражасига кўтариш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани кутилган натижани бермоқда. Бугунги кунда нафақат пойтахт ёки вилоят марказлари, балки энг чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган кишилар ҳам малакали тиббий хизматлардан баҳраманд экани, муҳими, энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган тиббиёт муассасаларида билим ва тажриба борасида ҳеч кимдан кам бўлмаган малакали мутахассислар фаолият юритаётгани бундан далолат беради.
Узоққа бормайлик, яқин ўтмишда беморнинг унча мураккаб саналмаган хасталикдан фориғ бўлиши учун пойтахтга боришига тўғри келган бўлса, эндиликда ҳатто юрак касаллигининг мураккаб турлари билан боғлиқ амалиётлар ҳам вилоятлар шифохоналарида муваффақиятли амалга оширилаяпти. Ёки бўлмаса, фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилишнинг мустаҳкам қўрғонига айланган қишлоқ врачлик пунктларини олиб кўрайлик. Тиббиётнинг бирламчи бўғини ҳисобланган бу муассасалар ҳар жиҳатдан афзал эканлиги амалда ўз исботини топди. Республикамиз аҳолисининг катта қисми қишлоқларда яшашини инобатга олсак, соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлашда улар қанчалик муҳим аҳамият касб этишини англаш қийин эмас.
— Ҳозирги кунда вилоятимизда 262 та амбулатория-поликлиника, 217 та қишлоқ врачлик пункти, 10 та ихтисослаштирилган тиббиёт маркази, 13 та оилавий поликлиника, туман марказий касалхоналари ва бошқа бир қатор даволаш масканлари фаолият кўрсатмоқда, — дейди республика Саломатлик ва тиббий статистика институтининг Наманган вилояти филиали шифокори Отабек Раҳимов. — Айниқса, она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги ишлар махсус дастурлар асосида тизимли равишда олиб борилаётгани келажак авлоднинг соғлом вояга етишида муҳим омил бўлаяпти.
Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлади, қудратли юртнинг фарзандлари соғлом бўлади. Тиббиёт соҳасида ана шу тамойил асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар пировардида аҳолининг жисмоний жиҳатдан етук ва соғлом ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Бу ҳам бахтиёрликнинг бир мезони саналади.

Халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти
Бугун ким билан гаплашманг, суҳбат мавзуси ўз-ўзидан бунёдкорлик ишларига бориб тақалади. Бу, табиий, албатта. Чунки сўнгги йилларда юртимизда қад ростлаётган бири-биридан гўзал ва муҳташам бинолар, кенг ҳамда равон йўллар, мустаҳкам кўприкларни кўриб, кўзимиз қувнайди.
Миллий ва замонавий меъморчиликнинг энг юксак талаблари асосида қурилаётган бундай иншоотлардан биз қанчалик фахрланаётган бўлсак, хорижлик меҳмонларнинг уларга ҳайрату ҳавас билан боқаётгани, ўзбек меъморлари маҳоратига тан бераётгани, таъбир жоиз бўлса, биздан ибрат олишга ҳаракат қилаётгани ҳам рост.
Республикамизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари тобора кенг қулоч ёзиб, сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилаётгани, чиндан ҳам, қувонарли. Эътиборлиси, қурилиш қишлоқ жойларда, айниқса, кун сайин авж олаяпти. Жумладан, жорий йилнинг олти ойида Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жой қуриш дастурига мувофиқ, 900 миллиард сўмликдан зиёд иш бажарилди.
— Уч нафар фарзандим бор, — дейди когонлик Носир Мавлонов. — Улар замонавий мактаб ва лицейларда таҳсил олиш билан бирга, пишиқ ғиштдан қурилган, тўрт хонали, шинам ва ёруғ уйда яшамоқда. Табиий газ, электр энергияси таъминоти жойида. Баъзан тонгда туриб, кўчамизни айланаман. Асфальт йўллар, гулзорлар, замонавий хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари, мактаб, мактабгача таълим муассасаси — буларнинг барчаси шаҳар қиёфасини эслатиб, гўё узукка кўз қўйгандек, маҳалламиз кўркига кўрк қўшиб турибди.
Қолаверса, туманимиз ва вилоятимиз марказига ўнга яқин йўналишда автобус ҳамда микроавтобуслар қатнаб турибди. Ўзимга келсак, мустақиллик берган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, тадбиркор бўлдим. Ёш бўлишимга қарамай, эл-юртда обрў-эътибор топдим. Янги уйда яйраб ўйнаётган фарзандларимнинг қувончини кўриб, хайрли ишларимизнинг давомчилари борлигидан хурсанд бўлиб кетаман. Шунда юртимиздаги минглаб бахтиёр оилалар каби келажагимиз бундан ҳам мунаввар бўлишига ишончимиз ортаётганини бутун вужудим билан ҳис этаман.
Бугун мамлакатимизда эртанги кунидан кўнгли тўқ, ўз олдига қўйган эзгу мақсадлари билан тараққиётимизга муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилаётган ана шундай ташаббускор ва фидойи инсонлар жуда кўп. Зеро, Ўзбекистон чинакам бахтли одамлари бор улкан имкониятлар мамлакатидир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Меҳнат ярмаркаси Ҳам ички, ҳам ташқи бозорга »