Янгиланиш ва самарадорлик омили
  • 21 Июль 2015

Янгиланиш ва самарадорлик омили

Бугун жадал ривожланаётган давр барча соҳалар қаторида, ишлаб чиқаришга ҳам илғор ва тежамкор технологияларни кенг жорий этишни тақозо қилмоқда. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимиз саноат корхоналарида ушбу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Бу борада, айниқса, халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар муҳим аҳамият касб этаётир. Иқтисодиёт вазирлиги ва Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси кредит маблағлари асосида рўёбга чиқарилаётган “Саноат корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси бунга ёрқин мисол бўла олади. Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад корхона ва ташкилотлардаги эскирган ускуналарни замонавийлари билан алмаштириш, ишлаб чиқариш жараёнини тежамкор технологиялар ҳисобига модернизациялашдан иборатдир.
— Комбинатимиз энг кўп электр энергияси ишлатадиган субъектлар сирасига киради, — дейди “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятининг бош энергетиги ўринбосари, Энергияни тежаш бюроси бошлиғи Абдумўмин Ҳайдаров. — Устига устак, узоқ вақтдан буён фойдаланилаётган техник асбоб-ускуналаримизнинг маълум қисми аллақачон хизмат муддатини ўтаб бўлган. Шу боис уларни янгилаш, ортиқча энергия сарфланишининг олдини олиш масаласи диққат-эътиборимизда турибди. Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 июлдаги “Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2013 йил
12 июндаги “Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари қўл келмоқда. Жумладан, мазкур ҳужжатларга мувофиқ, 2013/2014 йиллар мобайнида бир қатор ишлар бажарилди.
Натижада халқ истеъмоли маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехимизнинг эмални қиздириб тоблаш бўлими печларидаги тиристорли бошқарув ускуналари алмаштирилиши туфайли йиллик электр энергия сарфи 2,9 миллион кВт/соатга камайтирилди, фазали бошқаришдан рақамли бошқаришга ўтилгач эса, иш коэффициенти 0,53 дан 0,99 гача ўсди.
Бундан ташқари, регуляторларни совитишда сувдан фойдаланилганда, ортиқча электр энергия сарфи ва бошқа харажатларга чек қўйилди. Мисол учун, илгари энг мақбул ҳароратни 880 даражада — бир маромда ушлаб туриш иложсиз бўлса, ушбу лойиҳа бир даража фарқ билан уни тартибга солиш имконини берди. “ПГВ-1”, “ПГВ-3” ва “ГПП” кичик станцияларида реактив қувват компенсаторларининг жорий этилиши туфайли иш коэффициентини 0,6-0,7 дан 0,95-0,98 га кўтаришга эришилди.
Умуман, юқорида қайд этилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши туфайли корхона бўйича электр энергияси сарфи йилига 6,6 миллион кВт/соатга, реактив энергия сарфи эса 74 миллион кВАр/соатга камайтирилди. Бу, ўз навбатида, 884 миллион сўм маблағни тежаш имкониятини яратди.
Мухтасар айтганда, “Ўзметкомбинат” АЖда “Саноат корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасининг ижроси ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, энергия манбаларидан оқилона фойдаланган ҳолда, харажатларни камайтириш, муҳими, маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Д. ЖУМАБОЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn