Фаолият натижалари таҳлил қилинди
  • 21 Июль 2015

Фаолият натижалари таҳлил қилинди

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари иштирокида Ҳайъатнинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда яқинда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил биринчи ярим йиллигида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурларини амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга бағишланган мажлисида муҳокама қилинган масалалардан келиб чиқиб, давлат солиқ хизмати органларининг асосий фаолият йўналишлари бўйича иккинчи чорак натижалари ҳамда учинчи чоракда амалга ошириладиган асосий чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, тадбирда дебиторлик ва кредиторлик қарзлари ошишининг сабаблари, солиқ қарзи ҳамда ортиқча тўловни қисқартириш, солиқ объектлари ва субъектларини тўлиқ ҳисобга олиш, солиқлар йиғилувчанлигини ошириш борасидаги ишлар аҳволи юзасидан Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари давлат солиқ бошқармалари бошлиқларининг ҳисоботлари эшитилди.
Ҳайъат йиғилишида валюта ва экспорт-импорт операцияларини дастурий маҳсуллардан фойдаланган ҳолда, назорат қилиш борасида давлат солиқ хизмати органлари томонидан олиб борилаётган тадбирларнинг самарадорлиги Андижон ва Сурхондарё вилоятлари мисолида танқидий муҳокама қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Пахта ва ғалладан бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликлари томонидан солиқ мажбуриятларининг бажарилиши борасида Андижон ва Фарғона вилоятлари солиқ идоралари томонидан олиб борилаётган назорат ишлари танқидий кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, давлат солиқ хизмати органларининг асосий фаолият йўналишлари бўйича ҳар бир ҳудудда намунавий давлат солиқ инспекциялари ташкил этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.
Муҳокама натижалари бўйича фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйганлиги учун марказий аппарат таркибий тузилмалари ва ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари раҳбарларидан 4 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, 34 нафарига нисбатан тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Йиғилиш сўнгида давлат солиқ хизмати органлари зиммасига юклатилган долзарб вазифалар ижросини сифатли бажариш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Давлат солиқ қўмитаси
Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn