Автомобилсозлик: тараққиётимизнинг ёрқин саҳифаси
  • 18 Июль 2015

Автомобилсозлик: тараққиётимизнинг ёрқин саҳифаси

Истиқлол йилларида ҳаётимизда туб ўзгаришларга замин яратган муҳим саналар жуда кўп. Улар орасида 1996 йилнинг 19 июли алоҳида аҳамиятга эга. Негаки, шу куни Президентимиз ташаббуси билан Асака шаҳрида йирик автомобиль заводи ишга туширилди.

Бугунги кунда эса ушбу корхонада ишлаб чиқарилаётган ҳар томонлама қулай ва замонавий енгил автомобилларни кўриб, қалбимизда юксак ғурур ва ифтихорни туямиз.
Дарҳақиқат, мазкур қўшма корхона конвейеридан биринчи “Damas” автомобили чиқиши билан мамлакатимиз иқтисодиётида бутунлай янги — автомобилсозлик саноатига асос солинди. Ана шу тарихий санадан бошлаб, то ҳозирги кунга қадар бу ерда ҳар қандай хориж автоуловлари билан рақобатлаша оладиган замонавий автомашиналар ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган ўн тўққиз йил эса юртимиз автомобилсозлари учун том маънода, синов ва юксалиш даври бўлди.
Дастлаб завод жамоаси томонидан бир йўла учта — “Damas”, “Nexia” ва “Tico” русумли енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ўзлаштирилган бўлса, орадан бир оз вақт ўтиб улар сафига “Matiz” модели ҳам қўшилди.
2008 йилнинг март ойида эса Ўзбекистон автомобиль саноатида яна бир муҳим воқеа рўй берди. Гап шундаки, “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ҳамда “General Motors” корпорацияси таъсисчилигида Асакадаги завод негизида “GM Uzbekistаn” ЁАЖ корхонасига асос солинди. Натижада ўзбек автомобиллари сони янада замонавий ва кўркам моделлар ҳисобига кўпая бошлади. Аниқроғи, “Chevrolet” бренди остида “Epica” ҳамда “Captiva” машиналари, ўша йилнинг ноябрь ойида эса ўзида динамик спорт экстерьерини уйғунлаштирган “Lacetti” автомобили харидорларга тақдим қилинди. Қувонарлиси, бу енгил машина қисқа фурсат ичида жуда оммалашиб кетди.
Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқарилаётган автомобиллар замон талаблари даражасида босқичма-босқич такомиллаштирилаётгани ўз самарасини бермоқда. Вақт ўтиб, маҳаллий ва хорижий ишқибозларнинг талабларига мос “Chevrolet Spark”, “Malibu” ҳамда “Cobalt” русумли автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, айни пайтда эса “GM Uzbekistаn”нинг дунё миқёсида
200 дан ортиқ дилерлик марказлари фаолият юритаётгани бунинг яққол тасдиғидир.
— Автомобиль ишлаб чиқариш узлуксиз жараён ҳисобланади, — дейди “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ахборот хизмати мутахассиси Отамурод Абдуллаев. — Яъни бунда автомобилга зарур бўлган барча эҳтиёт қисмлар пешма-пеш завод конвейерини таъминлаб туриши зарур. Шу боис ҳозирги кунда компания таркибидаги 40 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари ўз маҳсулотларини етказиб бермоқда. Мисол учун, корхона жамоаси аккумуляторни Жиззах аккумулятор заводидан, чироқлар ва ёритиш мосламаларини Намангандаги “Ўз-Часис” масъулияти чекланган жамиятидан, ойна маҳсулотини Фарғонадаги “Автоойна” қўшма корхонасидан олаяпти. Автомобилнинг “юраги” ҳисобланмиш двигателлар эса пойтахтимиздаги “General Motors Powertrain Uzbekistan” қўшма корхонасида тайёрланаётир.
Яна бир эътиборга молик жиҳати, Президентимизнинг 2012 йил 22 ноябрдаги “2013 — 2015 йилларда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарорига биноан, “Damas” ва “Orlando” русумли автомобиллар “GM Uzbekistan” акциядорлик жамиятининг Хоразм вилояти Питнак шаҳарчасидаги филиали — “Хоразм авто” заводида ишлаб чиқарилмоқда. Айни пайтда бу ерда вилоятнинг 1200 нафардан зиёд ёш йигит-қизлари меҳнат қилишмоқда. Бу ҳам ўзбек автомобилларига талаб ортиб бораётганидан далолатдир.
— Ҳозирги кунда мамлакатимиз автосаноатида 23 мингдан зиёд мутахассис меҳнат қилаётганини, шундан 10,5 минг нафари “GM Uzbekistan” корхоналари ҳиссасига тўғри келаётганини инобатга олсак, заводимизнинг нафақат иқтисодиётимиз тараққиёти, балки аҳоли бандлигини таъминлашдаги аҳамияти яққол англашилади, — дейди унинг бошқарма бошлиғи Шавкатбек Алимов. — Энг асосийси, кейинги йилларда ишчи-ходимларимиз сафи Андижон машинасозлик институти, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент автомобиль-йўллар институти ҳамда автомобилсозликка ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислар ҳисобига тобора кенгаймоқда. Ўтган йили билимли ва интилувчан кадрларимиз саъй-ҳаракати билан корхонамиз автомобилларига “Эра Глонасс” тизимини жорий этиш ишлари муваффақиятли амалга оширилди. Мазкур тизимнинг афзаллиги шундаки, мабодо, машина автоҳалокатга учраса, у автоматик тарзда қутқарув хизматларига маълумот йўллайди. Мутахассисларимиз бу билан чекланиб қолишаётгани йўқ, албатта. Улар автомобилларнинг ёнилғини тежаш, хавфсизлик ҳамда экологик мусаффолигини ошириш бўйича узлуксиз изланиш олиб бормоқдалар.
Қолаверса, корхонамизда ўтган йил “Сифат йили” деб эълон қилингани ҳам амалда ўзини оқлади: сифат даражаси барча кўрсаткичлар бўйича 27 фоиз ўсди. Шу боис бу услубни жорий йилда ҳам қўллаяпмиз.
Мухтасар айтганда, Президентимиз ташаббуси билан муваффақиятли амалга оширилган ноёб лойиҳа ўзбек халқининг бунёдкорлик салоҳиятини ифодалаши баробарида, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ҳам юксалтиришга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, автомобилсозлик саноатининг ривожи чекка-чекка ҳудудлар аҳолиси бандлигини таъминлашда, иқтисодиётнинг турли соҳаларига зарур маҳсулотлар етказиб беришда ҳам муҳим аҳамият касб этаяпти.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
Саидаҳмад ШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn