Заминимиз неъматларининг Миландаги эътирофи
  • 18 Июль 2015

Заминимиз неъматларининг Миландаги эътирофи

Италияда “EXPO Milano — 2015” умумжаҳон кўргазмаси доирасида қуритилган мева ҳамда ширинликлар тақдимоти бўлиб ўтди.

Кўргазманинг Ўзбекистон экспозицияси пештахталаридан жой олган турли-туман қуруқ мевалар ва ширинликлар тадбир иштирокчилари ҳамда меҳмонларида жуда катта қизиқиш уйғотди. Намойиш этилаётган заминимиз ноз-неъматларининг сифати ва таъми уларда ўзгача таассурот қолдирди. Маълумки, мамлакатимизнинг ажойиб иқлими йил давомида мева-сабзавотлар етиштириш имконини бериши баробарида, уларнинг обитобида пишиб етилишига ҳам кўмаклашади.
Шундан сўнг тақдимот Ўзбекистоннинг Миллий павильонига кўчди. Бу ерда меҳмонлар республикамиздан олиб келинган маҳсулотлар билан танишишни давом эттирдилар. Улар чойнинг бетакрор таъмидан завқланиш баробарида, юртимизда тайёрланган табиий шарбатлардан ҳам татиб кўриш имконига эга бўлди.
Кўргазма иштирокчилари Ўзбекистон ноз-неъматлари юқори сифатга эга эканини алоҳида айтиб ўтишди. Улар якдиллик билан мамлакатимиз бўйлаб сафар уюштириш ва қуёшли ўлкамизни ўз кўзлари билан кўриш истаги туғилганини маълум қилди.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, Ўзбекистон анъанавий равишда агросаноат йўналишидаги турли халқаро кўргазмаларда муваффақиятли қатнашиб келмоқда. Хусусан, жорий йили мамлакатимиз вакиллари Берлинда бўлиб ўтган “Fruit Logistica — 2015” халқаро ярмаркасида иштирок этди. Ушбу тадбирда ҳам маҳсулотларимизнинг ташқи кўриниши, ажойиб таъми ва сифати кўплаб мутахассислар ҳамда сармоядорлар томонидан ўз эътирофини топди.
“EXPO Milano — 2015” умумжаҳон кўргазмасидаги Ўзбекистон Миллий павильони 500 квадрат метр майдонни эгаллаган. Бу саҳнада мамлакатимизнинг мустақил ривожланиш йиллари давомида эришилган муваффақиятлари, унинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти намойиш қилинмоқда. Шунингдек, республикамизда фаолият кўрсатаётган эркин индустриал-иқтисодий зоналардаги бизнес юритиш имкониятлари, қулай сармоявий муҳит, ривожланган транспорт ва логистика инфратузилмаси, бой маданий меросга оид атрофлича маълумотлар ҳам тақдим этилган. Қолаверса, кўргазмада қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилган ишларнинг натижалари, дон мустақиллигига эришиш, экологик жиҳатдан тоза мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ривожи, соҳада замонавий технологиялар қўлланилишига оид маълумотлар билан ҳам яқиндан танишиш мумкин.
“EXPO Milano — 2015” кўргазмаси 2015 йил 31 октябргача давом этади. Ўзбекистоннинг Миллий павильони ўз ишини давом эттирмоқда.

«Жаҳон» АА.
Рим

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn