Тежамкор технологиялар иқтисодий ривожланиш омилидир
  • 17 Июль 2015

Тежамкор технологиялар иқтисодий ривожланиш омилидир

Республикамизда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, тармоқда янги қувватларни ташкил этиш, мавжудларини модернизациялаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар амалда ўз самарасини бераяпти.

Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда ички бозоримиз, асосан, ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли истеъмол товарлари билан тўлдиралаётир. Жумладан, Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси таркибида 200 дан ортиқ корхона фаолият юритаётган бўлса, уларда ўсимлик ёғлари, маргарин, сариёғ, бринза, пишлоқ, қандолат, қайта ишланган гўшт ва сут маҳсулотлари каби неъматлар тайёрлаш ҳажми йил сайин ошмоқда. Буларнинг барчаси юртимиз аҳолисининг истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжини таъминлаши баробарида, уларни экспортга чиқариш имконини ҳам яратаяпти. Бунда, табиийки, давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 15 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир. Чунки ушбу ҳужжатга мувофиқ, кейинги йилларда тизимдаги корхоналар босқичма-босқич модернизация қилиниб, техник ҳамда технологик жиҳатдан янгиланаётгани кўплаб харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Албатта, бугунги жадал тараққиёт даврини замонавий ва тежамкор технологияларсиз тасаввур қилиш мушкул. Шу боис уюшма томонидан мазкур йўналишдаги ишларга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Жумладан, ўтган йили тармоқдаги йирик ишлаб чиқарувчи субъектлардан бири — “Каттақўрғон ёғ-мой” акциядорлик жамияти цехларида Германиянинг “CPM SKET GmbH” компаниясидан умумий қиймати 377 минг долларилик 2 та замонавий пресслаш ускунаси ўрнатилгач, бу ерда ёғ ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада кўпайди.
— Бундай янгиланишлар маҳсулот сифатини янада яхшилашда ҳам қўл келаётир, — дейди жамият бош муҳандиси Валижон Саидов. — Шу туфайли яқинда Хитойнинг “Yorfield Exrort Limited” компаниясидан 983 минг долларлик яна бир замонавий ускунани келтириб, ишга туширдик. Тўлиқ компьютерлаштирилган мазкур дастгоҳ ёрдамида бир кеча-кундузда 150 тонна ёғни қайта ишлаш мумкин. Энг муҳими, бу орқали жамиятимизда йилига энергия русурслари ёки бошқа маҳсулотлар учун сарф этиладиган 178 миллион сўм миқдоридаги маблағни тежаш имконияти вужудга келди.
Гап саноат тармоқларида илғор ускуналарни татбиқ этиш ҳақида кетар экан, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида қўлланилаётган “Саноат корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Негаки, айнан ушбу лойиҳада Халқаро ривожланиш уюшмаси маблағлари ҳисобидан республикамиздаги бир қатор ишлаб чиқариш субъектлари ва бошқа ташкилотларда ана шундай технологияларни қўллаш назарда тутилган бўлиб, унинг доирасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. “Каттақўрғон ёғ-мой” акциядорлик жамиятидаги ўзгаришлар ҳам ана шу ҳамкорликнинг амалий натижасидир.
Ўтган йили мазкур лойиҳа доирасида ажратилган 965 минг АҚШ доллари миқдоридаги сармоя эвазига Италиянинг “IСI CAIDAIE S.p.A” компаниясидан энергия тежовчи 2 та буғ қозони сотиб олинди. Унинг нечоғли фойдали эканлиги эса корхона жамоаси бир йилда 587 миллион сўмлик электр энергияси ва табиий газни иқтисод қилишга эришганида яққол намоён бўлаяпти.
Мухтасар айтганда, эндиликда тежамкор технологияларни ҳаётга изчил татбиқ этиш давр тақозосига айланмоқда. Чунки бундай ускуналар табиий манбаларни асраб-авайлаш билан бирга, саноат корхоналарида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали иқтисодиётимизни янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn