«Мудис»: Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиши — барқарор
  • 16 Июль 2015

«Мудис»: Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиши — барқарор

2015 йил 13 июль куни “Мудис” халқаро рейтинг агентлиги томонидан кейинги 12-18 ой учун “Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболлари” янги ҳисоботи нашр қилиниб, унга мувофиқ, агентлик кетма-кет олтинчи йил Ўзбекистон банк тизими ривожланиш истиқболларини “Барқарор” даражада тасдиқлади.

Агентликнинг фикрича, Ўзбекистонда макроиқтисодий ҳолат барқарор бўлиб, мамлакат иқтисодиёти экспорт таркибининг диверсификация қилиниши ва экспортдан тушган даромадларнинг ҳукумат томонидан давлат инвестицияларини молиялаштиришга йўналтирилиши ҳисобига юқори суръатларда ривожланмоқда.
Ўзбекистонда барқарор ва кўп тармоқли иқтисодиётнинг шакллантирилганлиги ҳамда мамлакат иқтисодиётига катта ҳажмда капитал инвестициялар йўналтирилаётганлиги тижорат банклари учун барқарор операцион муҳит яратаётир.
“Мудис” агентлиги Ўзбекистон банклари активлари сифатининг барқарор динамикасини эътироф этган ҳолда, активлар сифатининг келгусида ҳам юқори даражада сақланиб қолишини прогноз қилаяпти.
Бугунги кунда Ўзбекистон банклари даромадлилик даражаси бўйича МДҲ мамлакатлари орасида юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. “Мудис” агентлигининг эътироф этишича, келгусида ҳам бу кўрсаткич ўтган йиллардаги каби барқарор даражада сақланиб қолади. Бунда банклар даромадларининг юқорилиги иқтисодиётни кредитлаш ҳажмини янада ошириш учун ресурс манбаи бўлиб хизмат қилади.
“Мудис” агентлиги истиқболда мамлакатимиз тижорат банклари томонидан иқтисодиётга ажратилаётган кредитлар ҳажмининг йилига 20 фоиз ошишини прогноз қилмоқда. Агентлик прогноз даври мобайнида капитал етарлилиги кўрсаткичини амалдаги даражада сақлаб қолиш учун кредитлаш ҳажмининг юқори ўсиш суръатларига мос равишда банклар умумий капиталини ошириш юзасидан чора-тадбирлар кўрилиши зарурлигини таъкидлаяпти.
Қайд этиш жоизки, 2015 йилда Ўзбекистон тижорат банкларининг умумий капитали 25 фоиз ўсиши кўзда тутилаётир.
Шу билан бирга, “Мудис” агентлиги томонидан прогноз даври мобайнида банклардаги депозитлар ҳажмининг барқарорлиги ҳисобига Ўзбекистон банкларининг ликвидлик кўрсаткичи ҳам юқори даражада сақланиб туриши кутилмоқда.
2014 йилда Ўзбекистон Республикаси тижорат банклари активлари умумий миқдори 28,2 фоиз, кредит қўйилмалари ҳажми 31,2 фоиз ҳамда банкларнинг умумий капитали 24,8 фоиз ўсди.
Ўтган йил якунлари бўйича Ўзбекистон банк тизими капиталининг етарлилик даражаси 23,8 фоизни — қабул қилинган халқаро меъёрдан деярли 3 баробарни, банк тизимининг ликвидлилиги эса 64,6 фоизни — белгиланган талабдан 2 баробар зиёдни ташкил этди.
Бундан ташқари, Халқаро валюта фонди томонидан ўтказилган изланиш натижаларига кўра, Ўзбекистон ҳар 100 мингта катта ёшли аҳолига тўғри келадиган банк муассасалари сони бўйича МДҲ мамлакатлари орасида етакчи ҳисобланади. Бинобарин, банк хизматларидан фойдаланиш даражаси бўйича ҳар
100 мингта катта ёшли аҳолига тўғри келадиган банк муассасалари сони 49,8 тани, банкларда жисмоний шахслар томонидан очилган, ҳар 1000 та катта ёшли аҳолига тўғри келадиган банк ҳисобварақлари эса 1102 бирликни ташкил қилади.
“Мудис” халқаро рейтинг агентлиги томонидан, шунингдек, 2014 йил якунлари бўйича МДҲ мамлакатлари ичида фақат Ўзбекистон банк тизими барқарор ривожланиш прогнозига эгалиги алоҳида қайд этилган.

И. ЎТБОСАРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn