Имконият, имтиёз, самара
  • 16 Июль 2015

Имконият, имтиёз, самара

Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатимизда саноат маҳсулотлари  ҳажми 7,5 фоиз ўсди. Бу, албатта, юртимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарасидир.

Таъкидлаш жоизки, мазкур жараёнда кичик бизнес субъектлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Ҳозирги кунда республикамизда иш билан банд бўлган аҳолининг асосий қисми ушбу тармоқда меҳнат қилаётгани, тадбиркорлик субъектларининг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши йил сайин ортиб бораётгани бунга яққол мисол бўла олади.
Маълумки, ўз олдига аниқ мақсадни қўйиб, пухта бизнес-режага эга бўлган ишбилармонгина бозор талаблари асосида самарали фаолият юритади. Юртимизда замон билан ҳамқадам бўлиб, иш тутумини тубдан янгилаб бораётган бундай тадбиркорлар кўплиги қувонарлидир.
Қорақалпоғистон Республикасидаги “Инвест Сервис Шуманай” хусусий корхонаси — шулардан бири. Гап шундаки, тадбиркор Руслан Жарилқасинов “Шуманай” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги бўш турган бинони сотиб олиб, уни ишлаб чиқариш субъектига мослаштирди. Корхона цехларини хорижнинг етакчи фирмаларидан келтирилган замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлади. Бунинг учун 134 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя сарфланди.
— Ҳозирги кунда 20 нафар маҳаллий йигит-қиз меҳнат қилаётган корхонамизда йилига 3 миллион дона полипропилен қоп ишлаб чиқарилаётир, — дейди Руслан Жарилқасинов. — Энг муҳими, маҳсулотимизга харидор тайин. Яъни уни Қўнғирот сода заводига пешма-пеш етказиб бераяпмиз. Шу билан бирга, фаолиятимизни янада кенгайтириб, янги мижозлар топиш ҳамда улар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш пайидан бўлмоқдамиз.
Қисқача айтганда, бугунги кунда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун яратиб берилаётган имконияту имтиёзлар уларни улкан марралар сари ундамоқда. Соҳа вакилларининг ташаббуси билан рўёбга чиқарилаётган истиқболли лойиҳалар эса юртимиз равнақини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилаётир.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn