Мамлакатимизнинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳияти Берлинда тақдим этилди
  • 15 Июль 2015

Мамлакатимизнинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳияти Берлинда тақдим этилди

Яқинда Германия пойтахтида Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий, сармоявий ва сайёҳлик салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди. Мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонаси томонидан Немис иқтисодиёти Шарқий Европа бирлашмаси билан ўзаро ҳамкорликда уюштирилган мазкур тадбирда Германияда фаолият кўрсатадиган компания ва фирмаларнинг қарийб 150 нафар вакили қатнашди.

Улар юртимизнинг замонавий ривожланиши, саноат корхоналарини модернизациялаш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш юзасидан республикамиз ҳукумати кўраётган чора-тадбирлар, сармоявий муҳитни янада такомиллаштириш ҳамда ижтимоий ва инфратузилмавий тараққиётга йўналтирилган давлат дастурлари ҳақидаги маълумотлар билан яқиндан танишдилар.
Немис иқтисодиёти Шарқий Европа бирлашмаси бошқаруви раиси Маркус ФЕЛЬСНЕР ўз чиқишида Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиётини ҳамда мамлакатимизда яратилган сармоявий муҳитни юқори баҳолади.
У Германиянинг кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўртасида Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган қизиқиш тобора ўсиб бораётганини таъкидлади. Шу боис М. Фельснер Немис иқтисодиёти Шарқий Европа бирлашмасининг устувор вазифаларидан бири Германия компанияларига ўзбек шериклар билан қўшма сармоявий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун узоқ муддатли алоқаларни ўрнатишга кўмаклашишдан иборат бўлишини маълум қилди.
Тақдимот доирасида ўзбек санъат усталарининг концерт дастури ҳам намойиш этилди.
“Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири тадбирнинг айрим иштирокчилари билан суҳбатлашди.

Кристиан РОССЕЛЬ,
Германия Ўрта тоифа  Федерал бирлашмаси (Bundesvereinigung Liberaler Mittelstand) аъзоси:
— Ўзбекистон Республикасининг Берлинда ўтказилган иқтисодий, сармоявий ва сайёҳлик салоҳияти тақдимоти менда катта таассурот қолдирди. 2014 йили мамлакатингизда ялпи ички маҳсулот ўсиши ҳажми 8,1 фоизни ташкил этгани, айтиш керакки, Ўзбекистон иқтисодий ривожланиши ўсувчанлигининг яққол намойишидир. Бугун Германия ишбилармон доиралари вакиллари ўзбек бозоридаги мавжуд катта имкониятлардан, республикада чет эллик сармоядорлар учун яратилган имтиёзлардан хабардор бўлишди. Қўшимча сармоявий қулайликлар немис компанияларида катта қизиқиш уйғотди. Бундай тадбирлар давлатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Денис БАРДИН,
“WITEC Holding GmbH” компанияси вакили:
— Тақдимот икки мамлакат ишбилармон доираларида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга нисбатан муштарак манфаатдорлик мавжудлигини кўрсатди. Жорий йилнинг февралида бўлиб ўтган Германия — Ўзбекистон ишбилармонлик кенгашининг биринчи йиғилишидаёқ мен бунга ишонч ҳосил қилган эдим.
Ўзбекистон ҳукумати Навоий, Жиззах ва Ангрен шаҳарларида барпо этилган эркин ва махсус иқтисодий зоналарда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун немис сармоядорларига кенг имкониятлар яратиб беришга тайёр эканлиги бизларни тўлқинлантирди. Яқин вақт ичида ўзбек шериклар билан тегишли битимларни имзолаш ниятидамиз.

Йорн ХАРДЕНБИКЕР,
“Профессионал тайёргарлик дастури”нинг бўлим раҳбари, Карл Дуйсберг номидаги маърифий марказ ижроия қўмитаси аъзоси:
— Бизнинг маърифий марказимиз 1962 йилдан буён фаолият юритиб келади. Кўп йиллардан бери Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик алоқаларимиз давом этмоқда. Бошқарув кадрлари малакасини ошириш дастурлари доирасида Марказимизда ўзбек мутахассисларининг бир нечта гуруҳи малака оширди. Биз бундан кейин ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишга тайёрмиз.

Алекс ЛЮБАВИНСКИ,
Берлин шаҳар Депутатлар палатаси аъзоси:
— Мен Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини катта қизиқиш билан кузатиб бораман. Биз бугун гўзал мамлакатингиз билан янада яқиндан танишишга муваффақ бўлдик. Ўзбекистон — Германия муносабатлари барча йўналишда, шу жумладан, маданият ва сайёҳлик соҳасида ҳам барқарор мустаҳкамланиб бораётгани қувонарлидир. Улкан сайёҳлик салоҳиятига эга бўлган юртингизни фаол тарғиб этиш лозим. Бухоро ҳамда Самарқанд сингари шаҳарлар Германия аҳолисининг кўпчилигига машҳур “Минг бир кеча” эртагини эслатади.
Бугун бўлиб ўтган тадбир менда тез орада серқуёш Ўзбекистонга бориш, унинг бағридаги тарихий шаҳарларда жойлашган ноёб меъморий обидаларни кўриш, ўзбек халқининг шарқона меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлиш истагини уйғотди.

«Жаҳон» АА.
Берлин

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn