Тадбиркорлар билан мулоқот
  • 15 Июль 2015

Тадбиркорлар билан мулоқот

Жиззах шаҳрида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан тадбиркорлар учун очиқ мулоқот ўтказилди. Президентимизнинг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда мутасадди ташкилотлар, назорат қилувчи органлар, молия муассасалари раҳбарлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари қатнашди.

Таъкидланганидек, вилоятда кичик безнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун кенг имконият яратиш борасида кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бўш турган биноларни ишбилармонларга “ноль” қийматида бериш орқали етакчи тармоқларни модерницазиялаш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, хусусий сектор ривожи йўлидаги барча тўсиқ ва чеклашларни бартараф этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш даражасини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам эътиборга молик.
Тадбирда вилоят иқтисодиётида кичик бизнеснинг роли тобора ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, бу кўрсаткич саноатда 41,9, қишлоқ хўжалигида 100, қурилишда 92,6, пуллик хизмат кўрсатишда 43, юк ташишда 89,4, чакана савдода 37,1, инвестициялар ҳажмида 44,9, йўловчи ташиш борасида 93,7 фоизни ташкил этгани тадбиркорлик жадал ривожланаётганидан далолатдир.
Йилнинг ўтган даврида тижорат банклари томонидан уларга 191,3 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилган бўлиб, бу 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 22 фоиз кўпдир.
Вилоятни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган манзилли дастурга кўра, жорий йилда тадбиркорлик субъектлари томонидан умумий қиймати 658,8 миллиард сўмлик 1629 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Эътиборлиси, ўтган даврда шундан 1003 таси рўёбга чиқарилди ва 4 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилди.
Очиқ мулоқотда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Б. ТОҒАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn