Ўзбекистон банк тизими: барқарор фаолиятнинг юксак эътирофи
  • 14 Июль 2015

Ўзбекистон банк тизими: барқарор фаолиятнинг юксак эътирофи

Ватан равнақи, юртдаги ўзгаришу янгиланишларга баҳо берилар экан, энг аввало, шу заминда яшовчи халқнинг турмуш фаровонлиги, хонадонлардаги қут-барака, тинчлик-осудалик муҳити алоҳида эътиборга олинади. Шу маънода, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, инсон учун” деган устувор тамойил асосида асрларга татигулик ишлар амалга оширилаётгани юртдошларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай ҳаёт кечиришларини таъминлашга хизмат қилаётир.

Ҳақиқатан ҳам, бугун қай бир жабҳада бўлмасин, қўлга киритилаётган муваффақиятларимиз билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди. Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган оқилона сиёсат, халқимизнинг фидокорона меҳнати, бунёдкорлик, яратувчанлик йўлидаги ғайрат-шижоати мевасидир. Зеро, тинчлик бор жойда тараққиёт бўлади. Асрлар синовидан ўтган бу кўҳна ҳақиқат айни дориламон кунларимизда яна бир бор ўз тасдиғини топаяпти. Шу аснода одамларимиз эмин-эркин, бугунидан рози бўлиб, эртанги кунга янада қатъий ишонч билан меҳнат қилиб, ҳам оиласи, ҳам эл-юртга наф келтираётир. Буни, энг аввало, иқтисодиётдаги туб ўзгаришлар, босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар, модернизациялаш жараёнлари туфайли ижтимоий соҳаларда қўлга киритилаётган муваффақиятлар билан изоҳлаш мумкин.
Биргина молия-банк тизимидаги янгиланишларни олайлик. Айни кунда мамлакатимиздаги тижорат банклари аҳолининг, айниқса, ишбилармонларнинг яқин ҳамкори ва кўмакчисига айланиб улгурди. Молия муассасалари маблағлари, замонавий хизматлари орқали ўз омонатларини кўпайтираётган ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, бозорларимиз тўкинлигига, ҳудудларимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган изланувчан, ташаббускор ҳамюртларимизнинг муваффақиятларини кузатиб, бунга яна бир карра амин бўлаяпмиз. Албатта, буларнинг барчаси аҳолининг замон талаблари асосида ўз фаолиятини такомиллаштириб бораётган банкларимизга ишончи тобора мустаҳкамланаётганидан далолат беради.

Ислоҳотларнинг ёрқин самаралари
Маълумки, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази турли соҳалар бўйича тадқиқот ва ижтимоий сўровлар ўтказиб келади. Шулардан бири 2015 йилнинг I ярмида мамлакатимиз банк тизимида амалга оширилган ислоҳотлар якунларига бағишланди. Унда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда ёшлар қатнашиб, асосий эътибор банк тизимида ишбилармонларга қулай ҳамда жозибадор муҳит яратилгани, ёшлар сиёсати, хотин-қизлар бизнеси, ҳудудий дастурлар ижроси, қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш, шунингдек, сервис соҳасини ривожлантириш каби масалаларга қаратилди.
Хусусан, марказ ходимларининг “Мамлакатимиздаги қайси тижорат банклари фаолияти эътирофга лойиқ?” деган сўровига жавобан иштирокчилар Миллий банк, “Агробанк”, “Микрокредитбанк”, Халқ банки, “Ипотека-банк”, “Қишлоқ қурилиш банк”, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Асака” банки, “Туронбанк”, “Трастбанк” сингари молия муассасалари филиаллари номларини қайд этишди. “Мазкур банклар фаолиятига қандай баҳо берасиз?” саволига олинган жавобларнинг 97,8 фоизи ижобий бўлди. Буни ҳудудлар мисолида таҳлил қилганда, Хоразм, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона ва Наманган вилоятларидаги тадбиркорларнинг аксарияти ижобий фикр билдирганлиги маълум бўлди.
Молия муассасалари фаолиятини баҳолашда, биринчи навбатда, “Банк ходимлари ўз вазифаларини сидқидилдан, малакали бажарадилар” дея жавоб берилган бўлса, кейинги ўринларда “Маслаҳат бериш ва муаммоларни ечишда тезкор амалий ёрдам кўрсатилади”, “Омонатларни сақлаш бўйича барча амаллар ўз вақтида бажарилади”, “Белгиланган тартибга тўлиқ амал қилинади, қонунбузилишига йўл қўйилмайди” каби мулоҳазалар айтилди.
Шунингдек, сўровда қатнашганларнинг 98,2 фоизи банкларда сақланаётган аҳоли омонатлари давлат томонидан тўлиқ кафолатланишидан хабардор эканликларини маълум қилдилар. Молия муассасалари томонидан жозибадор омонат турлари таклиф этилаётгани аҳоли бўш пул маблағларини банкларда сақлашнинг ишончлилиги ҳамда қулайлигини кундан-кунга оширмоқда. Бу жараёнда “Банкка бўлган ишонч” ҳал қилувчи омил бўлаётгани таъкидланди.
Тижорат банклари ходимлари томонидан пул ҳисоб-китоб ҳужжатларини қабул қилиш ва унинг ижросини таъминлашда мижозларга хизмат кўрсатиш сифати тобора яхшиланиб бораётгани ҳам тадқиқотлар натижаларидан маълум бўлаяпти. Респондентларнинг 98,3 фоизи бундан мамнун эканлигини билдиришгани сўзимиз тасдиғидир. Бинобарин, электрон воситалар ҳамда пластик карточкалардан фойдаланишда, тўловларни амалга оширишда замонавий телекоммуникация воситалари самарали қўлланилаётгани натижасида яратилаётган қулайликлар хусусида 97,8 фоиз ижобий фикрлар билдирилиб, ушбу хизмат турларини янада кенгайтириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича ўтказилган сўровда иштирок этганларнинг 98,3 фоизи ҳам “Банклар бизнинг ишончли таянчимиз, банк кредитлари бизнесимизни йўлга қўйишда кенг имкониятлар яратмоқда”, деган хулосаларини айтишгани диққатга сазовордир.
Айниқса, банклар томонидан коллеж битирувчиларига имтиёзли кредитлар ажратилаётгани ёш мутахассисларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларида ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Ана шу йигит-қизлар билан суҳбатлашилганда, уларнинг 98,1 фоизи банклар фаолиятидан мамнун эканини билдирдилар. Биргина жорий йилнинг ўтган 6 ойида молия муассасаларимиз томонидан мазкур йўналишга 133 млрд. сўмлик кредитлар ажратилгани сўзимизга яққол мисол бўлади.
— Юртимиз тижорат банкларида биз, ёшлар учун барча имконият яратилган, — дейди Одилжон Қурбонов. — Натижада ҳеч бир қийинчиликсиз ўз бизнесимизни йўлга қўйиб олаяпмиз. Мен ҳам анчадан буён тадбиркорлик қилиш мақсадида юргандим. Лекин бунинг учун бошланғич сармоя зарур эди. Бунда Тошкент вилоятида республика Марказий банки томонидан ташкил этилган амалий учрашувда қатнашганим қўл келди. Чунки ушбу тадбирда 10 та микроавтобус сотиб олиб, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш соҳасини ривожлантириш борасидаги таклифим банк ходимларига маъқул тушиб, улар пухта бизнес-режа ишлаб чиқишимга яқиндан кўмаклашишди. Шу тариқа қисқа муддатда 619 млн. сўмлик сармоя ажратилди. Кредит олишда умуман қийналмадим. Ариза, бизнес-режа ва гаров таъминотини тақдим этдим, холос. Ҳозир корхонамда 15 нафар ишчи-мутахассис меҳнат қилаяпти. Кредитдан самарали фойдаланганим, қолаверса, унинг имтиёзли эканлиги даромадимиз ошишида муҳим омил бўлди. Қисқаси, ишимдан ҳам, банкдан ҳам кўнглим тўқ. Энг муҳими, бу билан ота-онамга нафим тегаётганидан хурсандман. Шунинг учун ҳам банк тизимида ёшларга оид давлат сиёсати борасидаги амалий ишларни ижобий баҳолайман.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ҳудудларда ёш оилаларни тураржойлар билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Чунки Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча ҳудудида ўтган йилнинг ўзида тижорат банклари кредитлари ҳисобига 50 та “Камолот” уйи қурилиб, фойдаланишга топширилди. Сўровда иштирок этганларнинг 100 фоизи ушбу тураржойлар имтиёзли асосда, 20 йил муддатга ипотека кредитлари асосида берилаётганини мамнуният билан айтиб ўтишди.
Қолаверса, респондентларнинг ҳудудлар саноат салоҳиятини ривожлантириш дастурлари ижроси борасидаги фикрлари ҳам олинди. Пировардида улардан 97,5 фоизи мазкур дастурларга киритилаётган лойиҳаларни молиялаштиришда банклар томонидан ажратилаётган кредитлар юқори самара бераяпти, деган хулосада эканлиги аниқланди. Қатнашчилар фикрича, кредит олишда ҳужжатларнинг тадбиркор учун мақбул даражада соддалаштирилгани, кичик бизнес субъектларидан тижорат банкларида миллий валютада ҳисоб рақами очганлик учун тўлов ундириш бекор қилингани, соҳа вакиллари аризаларини кўриб чиқиш муддати уч банк куни қилиб белгилангани, банк ҳисобварақларини очишда имзо намуналарини нотариал тасдиқлаш, шунингдек, кичик бизнес субъектлари бўлган микрофирмалар имзо намуналари карточкасида иккинчи имзо (ҳисобчи) бўлиши талаби бекор қилингани тадбиркорларга кенг имкониятлар яратмоқда.
Марказий банк томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг бориш қийин бўлган ҳамда меҳнат ресурслари юқори ҳисобланган бир қатор олис туманларида тадбиркорлар, ёшлар, фермерлар иштирокида ўтказилаётган амалий учрашувларга ҳам респондентлар томонидан 98,9 фоиз ижобий баҳо берилди. Бундай ҳудудларга ажратилаётган имтиёзли кредитлар борасидаги сўровларда эса иштирокчиларнинг 98,3 фоизи ушбу маблағлар ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, янги иш ўринларини яратишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. 97,3 фоиз респондентдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш мақсадида тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга ажратилаётган имтиёзли кредитлар аҳолини иш билан таъминлашда қулай шарт-шароитлар яратмоқда, деган жавоб олинди.
Тадбиркорлик фаолияти давомида олган кредитдан самарали фойдаланиб, юқори натижага эришганлиги ва ушбу маблағларни қайтаришда ҳеч қандай қийинчиликларга учрамаганлигини билдирганлар ҳиссаси ҳам юқори — 97,9 фоиз.
Сўровда “Микрокредитни тижорат банклари орқали амалга ошириш ишончлими?” деган саволга қатнашчиларнинг 97,1 фоизидан тасдиқ жавоби олинди. Уларнинг 98,2 фоизи “Ажратилаётган микрокредитлар аҳоли фаровонлигини оширмоқда, уларни иш билан таъминлаяпти” деб хулоса билдиришди. “Микрокредитлар жойларда, айниқса, чекка ва қишлоқ ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш учун зарур бўлган бошланғич сармояни шакллантиришга замин яратаётир”. 98,5 фоиз иштирокчиларнинг жавоби шундай. 98,9 фоиз сўров иштирокчиси “Микрокредитлар, аҳоли, хусусан, аёллар ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорликка жалб қилишда муҳим аҳамият касб этаяпти”, деб ҳисоблайди.

Хорижликларнинг муносиб баҳоси
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан хорижий инвесторлар фикрларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Сўровда қатнашган чет эллик сармоядорлар банкларимиз хизматидан мамнун эканликларини эътироф этишди.
— Юртингизда банк тизимининг барқарор ишлаётгани биз каби ишбилармонлар муваффақиятларига ҳам асос бўлмоқда, — дейди Ўзбекистон — Ҳиндистон қўшма корхонаси раҳбари Сатвиндер Сингх. — Гап шундаки, Сурхондарё вилоятида кўп йиллардан буён фармацевтика соҳасига ихтисослаштирилган қўшма корхонамиз самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Бизга хизмат кўрсатувчи банкдан бир неча бор кредит олиб, тайёрлаётган маҳсулотларимизни тўлиқ экспорт қилишга эришдик. Умуман, тизимда сармоядорлар учун барча шарт-шароит яратилган. Айниқса, кредит олиш тартиб-тамойиллари янада соддалаштирилиб, йиллик фоиз ставкаси мижоз талабидан келиб чиққан ҳолда белгилангани диққатга сазовордир. Бундан ташқари, тўлов амалиётларини бажаришда ҳеч қандай муаммога дуч келганимиз йўқ. Барча банк операцияларини офисимиздан туриб, “Банк — мижоз” дастури орқали амалга ошираяпмиз. Бу эса ортиқча вақт ва харажатларни тежашга имконият яратмоқда. Шунинг учун ҳам ҳиндистонлик сармоядорларнинг молия муассасаларингизга бўлган ишончи тобора ортаётир. Бизга яқиндан ёрдам бераётган банк тизими мутасаддиларига мамлакатимиз инвесторлари номидан миннатдорлик билдираман.
— Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар учун қулай инвестициявий муҳит яратилгани боис уларнинг сафи йилдан-йилга кенгаймоқда, — дейди япониялик эксперт Казуюки Нагао. — Республикангиз Марказий банки томонидан мазкур тизим фаолиятини такомиллаштириш борасида кўрилаётган зарур чора-тадбирлар юқори натижа бериб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларни етарлича кредитлаш, янги иш ўринлари ташкил қилишда муҳим аҳамият касб этаяпти. Ваҳолонки, дунёда кузатилаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз даврида ҳам банкларингиз ресурс базаси мустаҳкамланиб, самарали фаолият олиб бораётгани, жаҳондаги 189 та мамлакат орасида охирги икки йил ичида юртингиз кредитлаш тизими бўйича рейтинг кўрсаткичи 50 поғона кўтарилгани, қолаверса, барча тижорат банкларингиз нуфузли халқаро рейтинг агентликларининг “Барқарор” рейтинг баҳоларига эга бўлаётгани Ўзбекистон банк тизимида тўғри сиёсат юритилаётганидан далолат беради.
Албатта, бу борада тижорат банклари томонидан ажратилаётган инвестициявий кредитларнинг ўзига хос ўрни бор. Ўтказилаётган сўровларда ушбу жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Чунончи, “Инвестициявий кредитлар қандай натижалар бермоқда?” деган саволга респондентларнинг 97,6 фоизи “Мазкур маблағлар импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш имконини бермоқда”, деган фикрни илгари сурдилар.
Мисол учун, Бухоро вилоятидаги “Когонтекс” масъулияти чекланган жамиятига Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки томонидан ажратилган 830 млн. сўмлик сармоя эвазига 18 та иш ўрни яратилиб, юқори сифатли калава ип ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Эътиборлиси, ўтган даврда маҳсулотнинг 30 фоиздан зиёди экспорт қилинди.
Худди шундай ип ишлаб чиқаришни ўзлаштириш учун “Озода Озод” масъулияти чекланган жамиятига “Ипотека-банк” томонидан ажратилган 415 млн. сўмлик имтиёзли кредит ҳисобидан 770 млн. сўмлик маҳсулот тайёрланиб, тўлиқ хорижга сотилаяпти. “Ўзсаноатқурилишбанк” эса Сирдарё туманидаги “Бахттекс Фарм” масъулияти чекланган жамиятининг тиббиёт пахтаси, бинт ва шприц ишлаб чиқаришга доир истиқболли лойиҳасини 12,8 млрд. сўмлик сармоя билан молиялаштирди. Айни пайтда бу ерда йилига 15 млрд. сўмлик маҳсулот тайёрланиб, унинг 50 фоиздан кўпи четга чиқарилмоқда. Қолаверса, ушбу молиявий кўмак сирдарёлик 70 нафар йигит-қиз бандлигини таъминлашга хизмат қилди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, банкларимиз томонидан ўтган беш йил мобайнида республикамиз экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида 29 трлн. 327 млрд. сўмликдан зиёд инвестициявий сармоялар ажратилиб, уларнинг умумий ҳажми 3,5 баробар ортди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига йўналтирилган 28 трлн. сўмликдан зиёд кредитлар эса жойларда импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш имконини бераётир.
Шу боис банк тизимида яратилган қулай ишбилармонлик муҳитини респондентларнинг 98,1 фоизи юқори баҳоладилар. Бундан ташқари, тадбиркор аёллар ўртасида сўровлар ўтказилганда, 97,2 фоиз қатнашчи томонидан “Банкларнинг ёрдами билан бизнес ғояларимиз амалга ошиб, катта муваффақиятларга эришаяпмиз”, деган мазмунда жавоблар олинди.
— Банкларимиз кредитлари эвазига тадбиркор аёллар сони йилдан-йилга кўпайиб, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи юксалиб бормоқда, — дейди Андижон вилоятидаги “Ягона ҳамкор нури” МЧЖ раҳбари Сарвархон Рўзиматова. — Албатта, ҳар бир тадбиркор ўз ишини бошлашда сармояга таянади. Шу маънода, республика Марказий банки томонидан туманимизда хотин-қизлар иштирокида амалий учрашувлар, бизнес-форумлар, бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилаётгани юқори самара бераётир. Биз ҳам трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун молия муассасасидан 250 млн. сўм миқдорида кредит олган эдик. Ушбу маблағ ҳисобига маҳалламиздаги 40 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминладик. Ўтган даврда 160 минг донадан зиёд маҳсулотлар тайёрланди. Кредитдан самарали фойдаланаётганимиз боис, ҳеч бир қийинчиликсиз олган қарзимизни ўз вақтида қайтараяпмиз.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ҳудудларда ўтказилган сўровлар натижаси жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида банк тизими олдига белгиланган устувор вазифалар ва параметр кўрсаткичлари ўз вақтида, сифатли бажарилганлигини кўрсатмоқда. Хусусан, бу жараёнда қатнашган респондентларнинг 98,1 фоизи банк тизимида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар кутилган самара бераётганини тасдиқладилар. Бу эса мамлакатимиз молия муассасалари томонидан мазкур даврда давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари, ҳукуматимиз дастурлари ижроси муваффақиятли амалга оширилганидан далолатдир.
Сўровда иштирокчилар мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун тижорат банклари томонидан ҳаётга татбиқ қилинаётган ишларни янада жадаллаштириш, замонавий ва қулай банк хизматларини кенг жорий этиш, ўтказилаётган амалий учрашувлар юқори самара келтираётгани боис уларни жойларда мунтазам ташкил қилишни йўлга қўйиш ва бошқа қатор йўналишларга доир масалаларга алоҳида эътибор қаратиш юзасидан таклиф ҳамда тавсиялар берди.
Умуман олганда, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган ушбу сўровлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимиз аҳолиси банкларимизнинг бугунги фаолиятидан мамнун. Зеро, молия муассасалари томонидан ажратилаётган сармоялар ва кўрсатилаётган хизматлар юртдошларимиз турмуш даражаси янада яхшиланиши ҳамда иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишида айни муддао бўлаётир. Молия муассасаларида “Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун” тамойили асосида иш олиб борилаётгани эса тизимда қўлга киритилаётган ютуқларнинг мустаҳкам асосини таъминламоқда.

Бизнинг шарҳ
* Тижорат банклари филиаллари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 2015 йилнинг 6 ойи давомида 6 трлн. сўмдан зиёд кредитлар ажратилиб, 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 1,3 баробар, кейинги 10 йил давомида эса 22 баробар ўсишга эришилди. Шундан 685 млрд. сўмлик маблағ хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини юксалтириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш борасидаги вазифалар ижросига йўналтирилди.
* Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси ривожига доир лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилган маблағлар 915 млрд. сўмни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич ҳам 2014 йилнинг мазкур давридагига қараганда 1,3 баробар, кейинги 10 йилга нисбатан эса 20 баробар ўсган.
* Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига фаол жалб қилиш борасида ҳам қатъий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Натижада уларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштиришга 2015 йилнинг 6 ойида 133 млрд. сўмдан ортиқ миқдорида имтиёзли микрокредитлар ажратилиб, бу борада 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 73 фоиз, кейинги 3 йилда эса 6 баробар ўсишга муваффақ бўлинди.
* Президентимизнинг 2009 йил 26 январдаги “Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 2015 йилнинг 6 ойи давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан боғлиқ лойиҳалар ижросига ажратилган кредитлар миқдори 1 трлн. сўмдан иборат бўлиб, 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 30 фоиз, кейинги 3 йилга таққослаганда эса 2,5 баробар ўсиш таъминланди.
* Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 28 январдаги “Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан, жорий йилнинг январь — июнь ойларида шу турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга доир лойиҳалар тижорат банкларининг 1,2 трлн. сўмлик кредитлари ҳисобидан молиялаштирилди. Бу эса ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 32 фоиз, охирги 3 йилга таққослаганда эса 3,4 баробар кўпдир.
* Тижорат банклари томонидан иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган жами кредит қўйилмалари ҳажми 2015 йилнинг ўтган даврида 3 трлн. сўмни ташкил этди. Қувонарлиси, бу 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 20 фоиз, охирги 10 йилга қиёслаганда эса 22,3 баробар юқори кўрсаткичдир.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида
«Халқ сўзи» мухбири Ф. БЎТАЕВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn