Ўзбекистон — Швейцария савдо-иқтисодий ҳамкорлиги янада мустаҳкамланмоқда
  • 14 Июль 2015

Ўзбекистон — Швейцария савдо-иқтисодий ҳамкорлиги янада мустаҳкамланмоқда

Берн шаҳрида Ўзбекистон ва Швейцария ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат вазирлик, идора ва компаниялари вакиллари қатнашди.

Йиғилишда Швейцария томони Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти, макроиқтисодий кўрсаткичлари, республика ҳукуматининг саноат корхоналарини модернизациялаш ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича кўраётган чора-тадбирлари, сармоявий муҳитни янада яхшилаш ҳамда мамлакатдаги ижтимоий ва инфратузилмавий ривожланишга йўналтирилган давлат дастурлари ҳақидаги маълумотлар билан яқиндан танишди.
Учрашув томонларнинг савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, уни янада кенгайтириш истиқболлари юзасидан ўзаро фикр алмашувлари асосида ўтди. Йиғилишда икки томонлама иқтисодий алоқаларда улкан салоҳият мавжуд эканлиги қайд этилди.
Шу муносабат билан сармоявий йўналишдаги ҳамкорликни фаоллаштиришга йўналтирилган аниқ-равшан тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан келишувга эришилди. Хусусан, яқин вақт ичида дори-дармон, тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё, машинасозлик, электр техникаси ва бошқа соҳалардаги аниқ сармоявий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалаларини муҳокама этиш учун Швейцария компаниялари делегациясининг Ўзбекистонга сафари уюштирилади.
Йиғилиш натижалари бўйича комиссиянинг якуний протоколи ҳамда “Ўзбекистонда профессионал кўникмаларнинг ривожланиши, IV давр” лойиҳаси бўйича Ҳукуматлараро битим имзоланди.
Шунингдек, Цюрих шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон — Швейцария бизнес-форумида Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва республика иқтисодиётининг етакчи тармоқларидаги истиқболли лойиҳалар тақдимоти ташкил қилинди. Унда Швейцариядаги саноат компаниялари ҳамда банкларининг
60 нафардан зиёд вакили иштирок этди.
Анжуманда сўзга чиққан Швейцария ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистон иқтисодиёти изчил ўсувчанликка эга эканлиги, мамлакатда чуқур тизимли ўзгаришлар рўй бергани, саноатнинг юқори технологияга асосланган янги тармоқлари, қулай сармоявий муҳит яратилаётгани ҳамда муваффақиятли инвестиция фаолияти учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлашди.
Тадбир давомида тақдим этилган Хусусийлаштириш бўйича Дастур янги хорижий корхоналарни барпо қилиш асносида замонавий технологияларни қўллаган ҳолда, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўзлаган Швейцария компанияларида катта қизиқиш уйғотди.
Форум ниҳоясида унинг айрим иштирокчилари “Жаҳон” ахборот агентлигига интервью берди.
Жумладан, “Nestle” компаниясининг Евроосиё минтақаси бўйича бошқарувчиси Марк ПОТАСТ қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдирди:
— Йиғилишда “Nestle” компаниясининг Ўзбекистонда муваффақият билан фаолият кўрсатаётгани ҳақида сўзладим. Кутилганидек, мамлакатингизда хорижий бизнеснинг ривожланиши ҳақидаги маълумотлар Швейцария компаниялари ўртасида катта қизиқиш уйғотди. Ишончим комилки, ушбу тадбир икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга кўмаклашади.

Мартин ЭМХ,
“Confidentia Advisory Services” компанияси раҳбари:
— Ўзбекистон ва Швейцария ишбилармон доиралари вакиллари иштирокидаги ушбу бизнес анжуман жуда фойдали бўлди, деб ҳисоблайман. Биз унинг якунларидан қониқиш ҳосил қилдик. Чунки бу ерда маълум қилинган рақам ва далиллар Швейцария тадбиркорлари қизиқишига сабаб бўлди. Жорий йил бошида тузилган Ўзбекистон — Швейцария савдо-саноат палатаси Швейцариянинг фирма ва компаниялари ҳақида кўплаб зарур маълумотларга эга. Биз ўзаро алоқаларимизни янада кенгайтиришни истаймиз.

Клайд ИЗЕЛИН,
банк соҳаси мутахассиси:
— Бугунги анжуман якунларидан жуда мамнунман. Унда Швейцария фирма ва компанияларидан кўп сонли вакиллар қатнашгани Ўзбекистон билан ҳамкорликка нисбатан қизиқишнинг ошиб бораётганидан далолат беради. Мамлакатингиз улкан иқтисодий салоҳиятга, жумладан, банк-молия соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш имкониятларига эга.
МДҲ ҳудудидаги қатор мамлакатларда беқарор конъюнктура сақланиб турган бир шароитда Ўзбекистон йилига 8 фоиз атрофида иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатларини таъминлаб келаётгани алоҳида эътиборга моликдир. Бундай натижалар ва бошқа ижобий омиллар Ўзбекистон ҳамда Швейцария ўртасидаги ўзаро манфаатли сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашиши, шубҳасиз.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn