Изчил ислоҳотларнинг амалий натижаси
  • 14 Июль 2015

Изчил ислоҳотларнинг амалий натижаси

“Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасидаги ўзгаришларда яққол намоён бўлмоқда

Ҳар бир мамлакатнинг иқтисодиёти ривожида қулай инвестициявий муҳит яратилишининг ўзига хос ўрни бор. Шу боис юртимизда бу борадаги ишларга алоҳида эътибор қаратилиб, хорижий сармоядорларга жуда кўплаб имтиёз ва имкониятлар берилмоқда.
Бунда, табиийки, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги ҳамда “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Қолаверса, Президентимиз ташаббуси билан махсус саноат ҳудудлари ташкил этилгани амалда ўз самарасини кўрсатаяпти. “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси бунга ёрқин мисол бўла олади.
— Ушбу иқтисодий ҳудуднинг ташкил қилиниши нафақат чет эллик сармоядорларни жалб этиш жараёнини тезлаштириш, балки жаҳон стандартларига мос тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам оширишга хизмат қилмоқда, — дейди Навоий вилояти ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси бош мутахассиси Элбек ўаффоров. — Бу эса, ўз навбатида, вилоятимизнинг саноат салоҳиятини юксалтириб, транспорт-транзит ва ижтимоий инфратузилмасини янада равнақ топтириш имконини бераяпти. Шу билан бирга, бу ерда Жанубий Корея, Хитой, Италия, Буюк Британия, Ҳиндистон, Сингапур, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа мамлакатлар ишбилармонлари билан ҳамкорликда яна 20 дан ортиқ инвестициявий лойиҳалар амалга оширилаётгани назарда тутилса, воҳа ҳақиқий саноат маконига айланиши турган гап.
Дарҳақиқат, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида замонавий корхоналар сони тобора ортмоқда. 2010 йилда “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ва Ҳиндистоннинг “Minda Capital Ltd” компанияси ўртасида эришилган келишув асосида ташкил этилган “ЎзМинда” қўшма корхонаси — шулардан бири.
— Айни пайтда “Кобальт”, “Нексия”, “Дамас”, “Матиз” русумли енгил автомашиналарга мўлжалланган эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқараяпмиз, — дейди унинг директори Жасур Шаропов. — Маҳсулотларимиз сифатли бўлганлиги учун ўтган йили 220 минг АҚШ долларилик қисмини хорижлик буюртмачиларга етказиб бердик.
Корхонада касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчилари амалиётни ўтаб, уларнинг аксарияти шу ерда ишлаб қолмоқда. Салкам юз кишилик жамоанинг тенг ярми ёшлар эканлиги бунинг тасдиғидир.
Маълумки, Президентимиз мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини янада ошириш, саноатнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш орқали макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш вазифасини кун тартибига қўйган эди. Шундан келиб чиқиб, қўшма корхонага жорий йилнинг охиригача Жанубий Кореянинг “S&T Motiv” компанияси билан тузилган шартномага мувофиқ, қўшимча инвестиция киритиш режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳа рўёбга чиқарилгач, “GM Uzbekistan”да 2016 йилда ишлаб чиқарилиши кутилаётган янги автомобиллар учун ҳам эҳтиёт қисмлар тайёрлаш ўзлаштирилади.
Қисқача айтганда, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида амалга оширилаётган ислоҳотлар кун сайин кенг қулоч ёймоқда. Бу, шубҳасиз, ҳудуднинг саноат салоҳияти янада юксалишидан далолатдир.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn