Сервис хизмати қамрови кенгаяди
  • 14 Июль 2015

Сервис хизмати қамрови кенгаяди

Жаҳон тажрибасидан маълумки, хизмат кўрсатиш соҳаси иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим манбаи бўлиб, у ялпи ички маҳсулотни шакллантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, одамларнинг турмуш фаровонлигини оширишда етакчи ўрин тутади.

Шу боис мамлакатимизда мазкур тармоқни тараққий эттиришга устувор аҳамият берилмоқда. Натижада кўрсатилаётган хизматлар таркиби янгиланиши баробарида, сифати ҳам тубдан яхшиланиб бораяпти. Эътиборлиси, юртимизнинг чекка ҳудудларида замонавий хизмат кўрсатиш кўлами кенгайиши туфайли кўплаб иш ўринлари яратилмоқда. Бугунги кунда иқтисодиётда банд бўлган аҳолининг 50 фоиздан ортиғи ушбу тармоқда меҳнат қилаётгани бунга тўла асос бўла олади.
Кейинги йилларда Жиззах вилоятида ҳам мазкур соҳа ривожланиб, қишлоқ жойларда ишга туширилаётган илғор хизмат кўрсатиш объектлари сони тобора кўпаймоқда. Айтайлик, ўтган йили вилоятда барпо қилинган 700 та хизмат кўрсатиш шохобчасининг 418 таси, соҳада яратилган 2 мингдан зиёд иш ўринларининг 1064 таси қишлоқ жойларда ташкил этилди.
ўаллаорол тумани маркази яқинидан Ўзбек миллий автомагистрали ўтганлиги ҳудудда сервис хизматлари кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш ва уни такомиллаштиришда қўшимча қулайликлар яратаётир. Шу боис бу ерда кўплаб замонавий шохобчалар очилиб, уларда йўловчи ва сайёҳларнинг талаб-истаклари инобатга олинган ҳолда, янги-янги хизмат турлари жорий қилинаяпти.
— Ўтган йили “Тошкент — Самарқанд” йўли ёқасида автомобилларга сервис хизмати кўрсатиш шохобчасини ишга тушириб, адашмаган эканмиз, — дейди тадбиркор Улуғбек Ҳасанов. — Чунки фаолият бошлашимиз билан беш киши ишли бўлди, тўрт турдаги хизмат кўрсатиш жорий қилинди. Айни пайтда кунига ўртача 50 нафар мижозга хизмат кўрсатаяпмиз. Даромадимиз ҳам шунга яраша, баракали. Яқинда хизмат турларини яна учтага кўпайтириш ниятидамиз.
Ҳозирги вақтда туманда хизмат кўрсатиш шохобчалари сони 1000 дан ошган бўлиб, улар ижтимоий-иқтисодий соҳалар истиқболида тобора муҳим роль ўйнамоқда. Бунда 2015 — 2016 йилларда аҳолига сервис хизматлари кўрсатишни тубдан яхшилашга мўлжалланган махсус дастур ҳаётга татбиқ этилаётгани айни муддао бўлаётир. Унга кўра, жорий йилнинг ўзида тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларини қамраб оладиган 95 та хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этилади. 2016 йилда эса яна 135 та ана шундай субъект иш бошлайди. Жумладан, савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш уйлари, тикувчилик цехлари, сартарошхоналар, электротехника ва рўзғор буюмларини таъмирлаш устахоналаридан ташқари, тиббий, транспорт, лизинг каби 50 га яқин хизмат турлари қамраб олинади.
Айтиш жоизки, сўнгги пайтларда ҳудудда юқори технологиялар асосидаги хизмат турлари, хусусан, мобиль алоқа, юқори тезликда ишлайдиган интернет, масофавий банк хизматлари ҳам тобора оммалашиб бораяпти. Бу соҳада туб бурилиш ясалиб, хизмат кўрсатиш маданияти юксалиб бораётгани ифодасидир.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn