Электрон табло иш жойи ҳақида маълумот беради
  • 14 Июль 2015

Электрон табло иш жойи ҳақида маълумот беради

Маълумки, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали даромадини кўпайтириш ва турмуш даражасини юксалтириш мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бу борада зарур ҳуқуқий асослар яратилган. Президентимизнинг 2007 йил 6 апрелдаги “Аҳоли бандлигини ошириш ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шундай ҳужжатлардан биридир.
Унинг ижроси доирасида Хоразм вилоятида ҳам қатор ишлар амалга оширилаяпти. Натижада жорий йилнинг ўтган тўрт ойида ҳудудда 14 минг 500 дан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди. Шунинг 80,9 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келгани диққатга сазовордир.
Бундан ташқари, жорий йилда вилоятимиздаги мавжуд касб-ҳунар коллежларини 26 минг 403 нафар мутахассис битирган бўлса, улар 11 минг 300 тадан ортиқ корхона ва ташкилотлар билан ўз мутахассисликлари  бўйича  уч томонлама шартнома имзолашга эришди. Қолаверса, йил охирига қадар тадбиркор бўлиш истагидаги битирувчиларга 15 миллиард сўм миқдорида имтиёзли микрокредитлар ажратиш режалаштирилган эди. Ҳозиргача ушбу маблағнинг 4 миллиард сўми ўз эгаларига берилди.
Янги иш ўринлари яратиш, аҳолини фойдали меҳнатга жалб қилишда Бандликка кўмаклашувчи туман (шаҳар) марказларининг маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 75 та турғун пункти муҳим аҳамият касб этаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Чунки ушбу пунктларда мавжуд иш ўринлари тўғрисида маълумотлар базаси тўлиқ шакллантирилган. Хоҳлаган киши улар билан яқиндан танишиши мумкин. Ўтган қисқа давр ичида мазкур марказларга иш сўраб мурожаат қилган 5 минг нафардан ортиқ фуқаронинг 4 минг 398 нафари ишга жойлаштирилди, 232 нафари қайта ўқитилди.
Шунингдек, бу йўналишдаги ишларни оммалаштиришда мунтазам равишда ўтказилаётган тадбирлар хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Жумладан, йил охиригача вилоят бўйича яна 33 та меҳнат ярмаркасини уюштириш режалаштирилган. Бунга муштарак тарзда аҳолини бўш иш ўринлари рўйхати билан мунтазам таништириб бориш мақсадида www.mehnat.uz сайтига тегишли маълумотлар жойлаштирилаяпти. Урганч шаҳри, Боғот, Ҳазорасп, Хонқа, Хива туманлари марказларидаги электрон таблолар бу борада, айниқса, қўл келмоқда.  Албатта, бандликни таъминлаш — узлуксиз давом этувчи жараён. Шундан келиб чиқиб, вилоятимиз  меҳнат бозори чуқур ўрганилиб, йил давомида яна 45 минг 700 тадан зиёд иш ўринларини очиш мўлжалланган. Янги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйиш, саноат корхоналари фаолиятини кенгайтириш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш эвазига ушбу натижага эришиш кўзда тутилган. Албатта, бу каби саъй-ҳаракатлар замирида аҳолини иш билан таъминлаш орқали элу юрт фаровонлигини янада оширишдек эзгу мақсад мужассамдир.

Рўзимбой ҚУРБОНОВ,
Хоразм вилояти Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармасининг бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn