Тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳимояси — долзарб вазифа
  • 11 Июль 2015

Тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳимояси — долзарб вазифа

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди ташаббуси билан Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида “Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш — давр талаби” мавзуида семинар ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда назорат органлари ходимлари ва видеоконференцалоқа тизими орқали мамлакатимизнинг барча ҳудудидан тадбиркорлар иштирок этди.
Мазкур тадбир Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш ҳамда тарғиб қилиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар олдида турган айрим муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш масалаларига бағишланди.
Семинарда иқтисодиётимизда хусусий сектор улушини кенгайтириш ҳамда улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, соҳа ривожи учун зарур имтиёз ва имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, Фармон бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариши билан аҳамиятли экани таъкидланди. Зеро, унга мувофиқ, хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, соҳа ривожи йўлидаги тўсиқларни бартараф этишнинг асосий йўналишлари бўйича жорий йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Дастурда хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун зарур шароит ҳамда имкониятлар яратиш, ушбу фаолият турини ташкил этиш ва йўлга қўйиш тартибини соддалаштириш, маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш ҳисобидан тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш кўзда тутилган.
Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишни тартибга солиш, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ва ноқонуний аралашиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини ошириш, жумладан, жиноий жавобгарликни ўрнатиш муҳим аҳамият касб этувчи вазифа сифатида белгиланган.
Дастурда хусусий тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишда суд органлари ролини кучайтириш ҳам назарда тутилган. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари солиқ ва божхона қонунчилигини бузганлиги муносабати билан уларнинг мулкини мусодара қилиш, тўловчи томонидан эътироз бўлганда, қўшимча ҳисобланган божхона тўловларини ундириш фақат суд қарори билан амалга оширилади.
Хўжалик судларига назорат қилувчи органнинг шикоят қилинаётган ҳаракати (қарори) ижросини тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилади, хўжалик судлари томонидан даъво аризасини кўриб чиқиш учун қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқариш муддати 10 кундан 5 кунгача қисқартирилади.
Сўзга чиққанлар Фармон ижросининг таъминланиши кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни изчил ривожлантириш, бизнес муҳитини яхшилаш, иқтисодиётга хорижий инвестицияларни янада кенг жалб этиш ҳамда янги иш ўринлари яратишга, пировардида халқимиз фаровонлиги юксалишига хизмат қилишини қайд этишди.
Тадбирда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари томонидан тадбиркорларга Фармонда белгиланган бошқа имтиёзлар ва улар фаолиятининг қонун билан белгиланган кафолатлари хусусида ҳам кенг маълумотлар берилди.
Онлайн-видеоконференция шаклида ўтказилган семинарда жойлардан туриб қатнашган тадбиркорлар фикр-мулоҳазаларини билдириш, шунингдек, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олиш имконига ҳам эга бўлдилар.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn