Изланиш, янгиланиш ва юқори сифат корхоналаримиз экспорт салоҳиятининг ошишида муҳим аҳамият касб этмоқда
  • 10 Июль 2015

Изланиш, янгиланиш ва юқори сифат корхоналаримиз экспорт салоҳиятининг ошишида муҳим аҳамият касб этмоқда

Кейинги йилларда юртимиз енгил саноатида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, салмоқли натижалар қўлга киритилмоқда. Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрда имзоланган “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларда дастуриламал бўлаётир.

Кейинги даврда Қорақалпоғистон Республикасидаги 6 та енгил саноат корхонасида 65,5 миллион АҚШ долларилик модернизациялаш ишлари рўёбга чиқарилгани бунинг яққол тасдиғидир. Жумладан, Беруний туманидаги “Астера текстиль”, Тўрткўлдаги “Тўрткўл Асака текстиль”, Нукус шаҳридаги “Нукус текстиль” масъулияти чекланган жамиятлари энг сўнгги русумдаги технологиялар билан таъминланиб, юзлаб янги иш ўринлари яратилди. Ҳозирги пайтда мазкур корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг аксарияти экспорт қилинаяпти.
Ўтган йили Оролбўйидаги енгил саноат корхоналари сони яна биттага ошди. Яъни Амударё туманида 43,3 миллион АҚШ долларилик лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Amudaryotex” хорижий корхонаси фаолияти йўлга қўйилди.
Пахта хом ашёсидан йилига 6 минг тонна юқори сифатли экспортбоп калава ип ва бошқа турдаги тўқимачилик маҳсулотлари тайёрлашга ихтисослаштирилган мазкур хўжалик субъекти фаолияти ҳам, асосан, жаҳон бозорига чиқишга йўналтирилган.
— Корхона ишга туширилиши билан 425 нафар йигит-қизнинг доимий бандлиги таъминланди, — дейди жамият раҳбари Санжар Вафаев. — Йил охиригача жамоамиз аъзолари 24 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот тайёрлаш мақсадида астойдил меҳнат қилишаётир.
Умуман, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам саноат корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашга катта аҳамият қаратилаяпти. Бу эса, ўз навбатида, юртимиз саноати равнақи ҳамда аҳоли турмуш фаровонлиги юксалишига хизмат қилмоқда.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn