Инвестициявий лойиҳалар, салмоқли натижалар
  • 09 Июль 2015

Инвестициявий лойиҳалар, салмоқли натижалар

Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлгани каби Хоразм вилояти иқтисодиётида ҳам юқори ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Бунда Президентимизнинг “2013 — 2015 йилларда Хоразм вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори муҳим ўрин тутаяпти. Ушбу ҳужжат воҳа аҳолисини иш билан таъминлаш, даромадларини ошириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда ҳудуд қиёфасини тубдан яхшилашга қаратилган.

Вилоятда қарорда кўзда тутилган инвестициявий лойиҳаларни белгиланган муддатларда рўёбга чиқариш юзасидан пухта, аниқ амалий ишлар давом эттирилиб, салмоқли ютуқларга эришилмоқда. Жумладан, ҳозиргача  274 та лойиҳа рўёбга чиқарилиб, уларга 270,8 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб этилди ҳамда 8175 та иш ўрни яратилди.
Ўтган йилнинг май ойида Урганч шаҳридаги “Урганч экскаватор” АЖ ҳудудида гидравлик экскаватор ва бульдозерлар, турли вазифаларга мўлжалланган қурилиш техникаларини ишлаб чиқариш, эҳтиёт қисмлар тайёрлаш  ва таъмирлашга ихтисослаштирилган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “UzXCMG” Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонасининг ишга туширилиши вилоят ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Қўшма корхона фаолияти “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва Хитойнинг “XUZHOU CONSTRUCTION MACHINERY GROUP CO., LTD.” корпорацияси ҳамкорлигида йўлга қўйилган бўлиб, ушбу йирик лойиҳа доирасида 15 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилган.
Юртимиздаги мазкур ноёб ва мураккаб, ўта замонавий ишлаб чиқариш корхонаси 6 гектардан зиёд майдонни эгаллаган. Унинг цехларида маҳсулот ишлаб чиқариш босқичма-босқич амалга оширилаяпти.
Биринчи босқичда алоҳида йирик механизмлар йиғилаётган бўлса, кейинги босқичларда экскаватор ва бульдозерлар, шунингдек, бошқа техникаларни тўлиқ ишлаб чиқаришни ўзлаштириш кўзда тутилган.
Ҳозиргача ушбу корхонада жами 177 дона замонавий бульдозер йиғилди. Энг муҳими, Хоразмда тайёрланаётган мазкур турдаги қишлоқ хўжалик машиналарининг аксариятини экспорт қилиш мўлжалланмоқда. Айни пайтда бу ерда маҳсулотлар турини кўпайтириш, ишлаб чиқаришнинг иккинчи ва учинчи босқичларига ўтишни тезлаштириш, кўплаб қўшимча иш ўринлари яратиш борасида чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Ушбу ишлаб чиқариш объектида, асосан, ёшлар меҳнат қилаётир. Корхона тўла қувват билан фаолият юрита бошлагач, яна мингга яқин кишининг бандлиги таъминланади.
Умуман, бугун Хоразмда тўқимачилик, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, электр жиҳозлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғида кўплаб йирик лойиҳалар рўёбга чиқарилаяпти. Воҳада юз бераётган бундай кенг кўламли ўзгариш ва бунёдкорликлар хоразмликларга фахру ифтихор бағишламоқда.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn