Озиқ-овқат дастури: модернизация ва изчил ривожланиш
  • 09 Июль 2015

Озиқ-овқат дастури: модернизация ва изчил ривожланиш

Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи дунё давлатлари олдида турган устувор вазифалардан биридир. Чунки Ер юзи аҳолисининг тобора ўсиб бораётгани туфайли истеъмол товарлари, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ҳам кун сайин ошаяпти.

Бироқ табиий ва экологик омиллар натижасида қишлоқ хўжалиги экинларидан кутилган ҳосил олинмаётгани,  озиқ-овқат саноати ривожи нисбатан ортда қолаётгани кўпгина мамлакатларда кундалик истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжни қондиришга салбий таъсир кўрсатмоқда. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда дунёда деярли ҳар саккиз одамнинг бири тўйиб овқатланмаяпти, сайёрамиз аҳолисининг 30 фоизидан зиёди тўлақонли равишда овқатланмаслик, энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслик муаммосини бошидан кечираётир.
Ана шундай мураккаб бир шароитда Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланиб, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланаётгани қувонарлидир. Бу қишлоқ хўжалиги ҳамда қайта ишлаш саноатини тараққий эттириш, айниқса, озиқ-овқат дастурининг изчил амалга оширилаётгани самарасидир. Президентимизнинг 2009 йил 26 январдаги “Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни жадаллаштиришга кенг имкониятлар очиб берди.
Мазкур ҳужжат талабларини ижро этиш юзасидан, масалан,  Қорақалпоғистон Республикасида 2009 — 2014 йиллар давомида гўшт-сут ҳамда мева-сабзавотни қайта ишлаш бўйича 50 га яқин корхона фаолияти йўлга қўйилди. Бу, ўз навбатида, ички бозорни юқори сифатли ва арзон маҳсулотлар билан тўлдиришда алоҳида аҳамият касб этаётир. 
Эътиборлиси, озиқ-овқат дастурини амалиётга татбиқ қилишда фермер хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари, йирик саноат корхоналари, қўйингки, ҳеч ким четда қолаётгани йўқ. Айтайлик, Нукус туманидаги “Даврон” фермер хўжалиги қошида замонавий паррандачилик фермаси ташкил этилгач, ички бозорга парҳез гўшт етказиб бериш ҳажми ошди. Бунинг учун хориждан 300 миллион сўмлик жиҳозлар олиб келинди.
— Жўжаларни парваришлаш жараёни автоматлаштирилган технология орқали мунтазам равишда кузатиб борилади, — дейди иш бошқарувчи Исфандиёр Заитов. — Бунинг қулайлиги шундаки, озуқа ва сув солинган махсус идишлар жўжанинг бўйига қараб ё пасайтирилади ёки баланд кўтариб турилади.
Ички бозорни арзон парҳез гўшт ва тухум билан тўлдиришда “Қорақалпоқ электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилган истиқболли лойиҳа ҳам қўл келмоқда. Гап шундаки, уни рўёбга чиқариш учун 27 миллион сўм сарфланиб, инкубатор ишга туширилди.
Корхона мутасаддиси Баҳодир Сапартаевнинг айтишича, бу ерда ўрнатилган “Универсал-55” ускунаси ёрдамида 21 кун мобайнида 45 минг дона ўрдак, ғоз, товуқ жўжасини очтириш имконияти мавжуд. Бунинг самараси ўлароқ, шу кунгача кам таъминланган оилалар ва электр энергияси соҳаси ишчиларига 37 мингтадан зиёд наслли жўжалар етказиб берилди.
Сирасини айтганда, Нукус туманида озиқ-овқат дастури доирасида умумий қиймати 5 миллиард 865 миллион сўмлик 3365 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган бўлса, шу кунга қадар 2 миллиард 330 миллион сўмлик 934 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Бундан ташқари, жорий йилда 5935 гектар майдонда сабзавот, полиз ва картошка экинлари, 50 гектар ерда интенсив боғ парваришланаяпти. Улардан 112 минг 868 тонна маҳсулот йиғиштириб олиниши кутилмоқда.
Таъкидлаш керакки, етиштирилган боғ ва дала неъматларини сифатли сақлаш масаласи ҳам долзарб. Мисол учун, яқинда “Ойдин авлод” масъулияти чекланган жамиятида 700 миллион сўмлик сармоя эвазига 300 тонна сиғимга эга музлаткичли омборхона қурилган бўлса, балиқчилик, асаларичилик, паррандачилик соҳаларини ривожлантириш бўйича ҳам 10 га яқин лойиҳалар амалга оширилаяпти.
Айниқса, “Қўнғиротбой — Меҳри” фермер хўжалиги раҳбари Есенбой Айтмуратов яратиб берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, аввало, оиласи, қолаверса, ишчи-ходимлари, аҳолига наф келтираяпти. Яъни у бир неча йил муқаддам фермер хўжалиги фаолиятини кенгайтириб, сутни қайта ишлашга ихтисослаштирилган мўъжаз корхона ташкил этган эди. Бу ерда тайёрланаётган 5-6 хил сут маҳсулоти тезда ўз харидорларини топгани эса фермерни янги ташаббуслар сари ундади.
— Яқинда Германиядан 50 бош наслли қорамол олиб келиб, чорвамиз бош сонини салкам 600 тага етказдик, — дейди Е. Айтмуратов. — Энди хориждан сутни қайта ишлайдиган энг сўнгги русумдаги технологик линияни келтиришни мўлжаллаяпмиз. Бу маҳсулот турини кўпайтириш билан бирга, қўшимча иш жойлари яратиш имконини беради, албатта.
Қисқача айтганда, Оролбўйи минтақаси ҳудудларида иқтисодиёт тармоқларида ҳаётга татбиқ этилаётган бундай истиқболли лойиҳалар аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn