Инновацион ишланмалар — тараққиёт хизматида
  • 08 Июль 2015

Инновацион ишланмалар — тараққиёт хизматида

Ҳеч бир соҳа истиқболини илм-фан ютуқларисиз тасаввур этиш қийин. Яъни қаерда инновацион ишланмалар ҳаётга изчил татбиқ этилса, ўша жойда ўсиш бўлади. Бу — ҳозирги жадал ривожланиш даврида, айниқса, жуда долзарб масала. Мамлакатимизда сўнгги пайтларда ушбу вазифа ижросига алоҳида эътибор қаратилаётганининг боиси ҳам шунда.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ярмарка илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани бунинг тасдиғидир. Хусусан, жорий йилнинг 19 — 21 май кунлари пойтахтимизда саккизинчи бор ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари таркибидаги 100 дан ортиқ илмий муассасалар, илмий тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ташкилотлари, шунингдек, ихтирочилар ва хусусий корхоналар вакиллари ўзларининг 604 та ишланмаси билан қатнашди. Улардан 387 таси ёки 64 фоизи янги бўлиб, илгари ярмаркаларда намойиш этилмагани, айниқса, диққатга сазовордир.
Илмий маҳсулотларни соҳалар бўйича таҳлил қилсак, уларнинг 24,8 фоизи саноат, 13,6 фоизи соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, 12,4 фоизи ахборот технологиялари, 20 фоизи қишлоқ хўжалиги, 4,1 фоизи илм-фан ва таълим, 8,3 фоизи энергия тежовчи технологиялар сингари йўналишларга тўғри келгани маълум бўлади. Шундан ҳам кўриниб турибдики, олим ва мутахассисларимизнинг илмий ишланмалари деярли барча тармоқларни ўз ичига қамраб олмоқда. Ярмаркага ўн икки мингдан ортиқ киши ташриф буюргани, илмий маҳсулотлар эгалари ва истеъмолчилар ўртасида 776 та ишлаб чиқариш ускунаси ҳамда янги технологияларни сотиб олиш бўйича шартномалар имзолангани ана шундан далолат беради.
Таъкидлаш керакки, тадбир асносида Урганч давлат университетининг мева ва сабзавотларни қуритиш ускунаси, “Ливадия-Бухара” хусусий корхонасининг инфрақизил-импульсли қуритиш мосламаси, Юқори технологиялар марказининг сунъий уруғлар асосида яратилган “Павловния” ўсимлиги кўчатлари, ЎзР ФА “Физика-қуёш” ИИБнинг кичик қуёш фотоэлектр станцияси, Фарғона Инновация фаолияти ва технологиялар трансфери марказининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини оширувчи биоўғити каби ишланмалар иштирокчиларда, айниқса, катта қизиқиш уйғотди.
Бундан ташқари, ёш олимларнинг бир қатор ишланмалари ҳам қатнашчилар эътиборига тушди. Тошкент ахборот технологиялари университети талабаларининг “Ақлли уй” ва “Ақлли қуёш панеллари”, Турин политехника институти Тошкент филиалининг электромобиль ҳамда робототехника соҳасидаги ишланмалари, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг “Картошка экиш учун тупроқни тайёрлашнинг комбинацияланган ускунаси” ана шулар жумласидандир.
Қолаверса, VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси доирасида биринчи маротаба Тошкент халқаро инновацион форуми ташкил этилди. Унда АҚШ, Германия, Италия, Франция, Япония, Греция, Польша ва Россия давлатлари олим ҳамда мутахассислари, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган 19 та халқаро ташкилот вакиллари қатнашди. Улар илмий ва технологик паркларни қўллаб-қувватлаш, корхоналарни инновацион бошқариш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси, ушбу йўналишда ёшлар иштирокини кенгайтириш ҳамда кадрлар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Мухтасар айтганда, VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси ҳар томонлама самарали бўлганлиги куни кеча Иқтисодиёт вазирлигида унинг якунларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида алоҳида таъкидланди. Тадбирда иштирок этувчилар ҳам, намойиш қилинган маҳсулот ва тузилган шартномалар ҳам аввалги йиллардагига нисбатан анча кўп бўлганлиги бунинг яққол тасдиғидир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn