Рағбат муваффақиятга ундайди
  • 08 Июль 2015

Рағбат муваффақиятга ундайди

Сўнгги йилларда Сурхондарё вилоятида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳиссаси тобора ошиб бормоқда. Бу юртимизда соҳа вакиллари фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, уларга кўплаб имтиёз ва преференциялар берилаётгани самарасидир.

Албатта, имконият изланишга ундайди, рағбат эса муваффақиятлар сари йўл очади. Айтиш жоизки, воҳада жорий йилнинг дастлабки чорагида 390 та янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди, уларнинг жами сони 11394 тага етди. Тадбиркорларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан шу йилнинг биринчи чорагида 134,6 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
Узун туманидаги “Тўмарис-истиқлол текстиль” хусусий корхонаси соҳадаги илғор субъектлардан биридир. Дилафрўз Тўхтасинова раҳбарлик қилаётган ушбу корхона иш бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Аммо унинг 12 кишилик жамоаси томонидан болажонлар учун тайёрланаётган бежирим кийим-кечаклар қисқа вақт ичида харидорлар эътиборини қозонди. 
— Ўтган йили салкам тўрт мингта либос тайёрланиб, ички бозорга чиқарилди, — дейди тадбиркор. — Бу йил эса мазкур кўрсаткични янада оширишни мақсад қилганмиз. Маҳаллий ҳокимият ва тижорат банклари бизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда. Жумладан, бизга алоҳида ер майдони ажратилди. Яқинда бу жойда корхонамиз учун замонавий бино қуриб битказдик. Шунингдек, банкнинг 45 миллион сўмлик кредити ҳисобига пайпоқ тўқийдиган дастгоҳлар харид қилдик. Эндиликда ўз маҳсулотларимизни экспортга йўналтиришни мўлжаллаяпмиз.
Мазкур тумандаги “Кенжабек-Озодбек” хусусий корхонаси маҳсулотларига бўлган талаб ҳам тобора ортмоқда. Сабаби, бу ерда “Озода” савдо белгиси остида кунига 1-1,5 тонна кир ювиш кукуни ишлаб чиқарилаяпти.
— Талаб ва эҳтиёжни инобатга олган ҳолда, фаолиятимизни кенгайтириш чора-тадбирларини кўрмоқдамиз, — дейди ушбу корхона раҳбари Усмон Раҳмонов. — Шу мақсадда бизнес-режа тузиб, молия муассасасига тақдим этган эдик. Мурожаатимиз бесамар кетмади: 150 миллион сўмлик кредит ажратиладиган бўлди. Ушбу сармоя эвазига янги турдаги маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш ниятидамиз.
Тумандаги “Сурхон Сан милк” сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасида, асосан, коллеж битирувчилари меҳнат қилади. Тадбиркор Холисхон Дўсматова ишлаб чиқариш тармоғини йил сайин кенгайтириш ҳаракатида. Айтайлик, ўтган йилдан бошлаб, бу ерда новвойхона ишга туширилиб, ишчилар сони 20 нафарга етказилди.
Таъкидлаш жоизки, бугун Узун туманида ташаббускор тадбиркорлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Улар интилиши, изланиши туфайли мўмай даромад топиши билан бирга, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга ҳам муносиб ҳисса қўшаяптилар.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn