Инновацион фаолият
  • 07 Июль 2015

Инновацион фаолият

мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришда муҳим ўрин тутади

Юртимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб илм-фан, етакчи илмий мактабларни ривожлантириш, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг мувофиқлаштирувчи ролини кучайтириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар қабул қилинди. Хусусан, яратилган самарали норматив-ҳуқуқий база мазкур соҳага оид давлат сиёсатининг босқичма-босқич рўёбга чиқарилишида муҳим омил бўлмоқда.
Илм-фанни жадал тараққий эттиришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг ҳам ўзига хос ҳиссаси бор. Қўмитанинг сўнгги йиллардаги фаолияти якунлари ва истиқболдаги вазифаларига бағишланган ахбороти Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг йиғилишида эшитилди.
Тадбирда Қонунчилик палатаси депутатлари, Фанлар академияси, Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси вакиллари, Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими, Молия, Иқтисодиёт, Адлия, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот институтлари масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Қайд этилганидек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 7 августдаги “Фан ва технологиялар ривожланишининг мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий хужжатларга мувофиқ амалга ошириб келаяпти. Ўтган даврда илмий лойиҳалар ҳамда лабораторияларни замонавий жиҳозлар билан таъминлашни мақсадли молиялаштириш тизими шакллантирилди, илмий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан бир қатор давлат лойиҳалари амалга оширилди.
Бундан ташқари, илмий ходимларнинг тадқиқотларни ишлаб чиқишга ва олинган натижаларни амалиётга жорий этишга қўшган ҳиссасига қараб уларни моддий рағбатлантириш кучайтирилди. Шу билан бир қаторда, илмий тадқиқот муассасалари ҳамда илмий-техника дастурларини бажарувчи ташкилотлар томонидан илмий ходимларни моддий рағбатлантириш мақсадида меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 5 фоизи миқдорида махсус жамғармалари ташкил этилган.
Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири, бу — ҳар йили инновацион ярмаркаларни ўтказиб боришдир. Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси илмий ғояларнинг жадал ривожланишига, ишлаб чиқариш билан фаннинг интеграциялашувини тезлаштиришга, шу билан бирга, олимлар ва ишлаб чиқарувчи мутахассислар фаолиятини мувофиқлаштиришга хизмат қилмоқда. Биргина 2015 йилда саккизинчи инновацион форум доирасида 500 та ишланма, инновацион ғоя ҳамда лойиҳа тақдим этилди. Ярмарка якунида 25 миллиард сўмлик 1200 дан ортиқ шартномалар имзоланди.
Йиғилишда таъкидланганидек, ҳар йили ўтказилаётган ушбу инновацион ярмаркалар фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциялашувини фаоллаштиришга, Фанлар академияси инновацион ишланмаларининг йирик саноат корхоналари, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ҳамда фармакология, ахборот технологиялари ва таълим соҳасида татбиқ этилишига имкон яратди.
Қўмита фаолияти таҳлили шуни кўрсатдики, мамлакатимизда фундаментал ҳамда амалий тадқиқотлардан то инновацион ишларгача бўлган илмий фаолиятни ҳаётга татбиқ этишнинг таъсирчан механизмлари яратилган.
Депутатлар фикрича, инновацион фаолиятни рағбатлантириш, инновацион ишланмаларни иқтисодиётнинг турли соҳаларига жорий қилиш бўйича ижобий натижалар билан бир қаторда, илмий муассасалар фаолиятини янада мувофиқлаштириш, давлат лойиҳаларини бажаришда ижро ва бюджет интизомини янада мустаҳкамлаш, соҳадаги юридик хизмат самарадорлигини ошириш, шу билан бирга, ривожланган хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганиб бориш, таҳлил қилиш масалаларига эътибор қаратиш лозим. Қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, шу жумладан, тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишини тезлаштириш айни муддаодир.
Йиғилиш иштирокчилари томонидан ушбу соҳадаги ишларни такомиллаштиришга қаратилган асосли ва ҳар тарафлама ўйланган чоралар ҳамда таклифларни ишлаб чиқиш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Эшитув якунларига доир тегишли қарор қабул қилинди.


Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn