Юқори сифат ва самарадорлик
  • 07 Июль 2015

Юқори сифат ва самарадорлик

Иқтисодиётимизда барқарор ўсиш суръатларини таъминлашда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни беқиёс. Зеро, аҳоли реал даромадларининг муттасил ошиб бориши, юртдошларимиз бандлигини таъминлаш, ички ва ташқи бозорни рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш каби устувор вазифалар ижросида мазкур соҳа вакиллари ташаббускор ҳамда етакчи кучга айланиб бораётир.

Буни Хоразм вилоятидаги янгиланишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида ҳудудда 375 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг умумий сони 10 минг 46 тага етди. Соҳанинг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 60,2, саноатдаги ҳиссаси эса 23,7 фоизни ташкил этди. Бинобарин, ана шу даврда тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига қарийб 107 миллиард сўм ёки ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 1,3 баробар кўп кредит маблағлари ажратилди. Албатта, бундай ижобий кўрсаткичлар мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, соҳа вакилларига берилаётган имтиёз ҳамда имкониятларнинг ёрқин самарасидир. Масалан, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлар учун даромад солиғи ставкаси 25 фоиздан 15 фоизга камайтирилганининг ўзиёқ иқтисод қилинган маблағ ҳисобидан кўплаб истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш имконини бераётир.
Урганч туманидаги пластмасса маҳсулотлари тайёрлашга ихтисослаштирилган “Алоқа пласт” масъулияти чекланган жамияти ҳам ана шундай имтиёз ва енгилликлар туфайли фаолиятини тобора кенгайтириб бораётган кичик бизнес субъектларидан биридир. 2008 йилда атиги 2 нафар ходим билан иш бошлаган ушбу корхонада ҳозир 15 киши меҳнат қилади. Кейинги етти йил давомида бу ерда 500 миллион сўмликдан ортиқ банк кредити ва жамият маблағлари ҳисобига модернизациялаш тадбирлари амалга оширилди. Натижада соатига 10 турдаги 50 дона пластмасса ашёлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
— Маҳсулотимиз сифати хорижникидан асло қолишмайди, — дейди корхона раҳбари Руслан Қаландаров. — Шу боис харидорларимиз сафи кенгайиб бормоқда. Айни пайтда мижозлардан кўплаб буюртмалар олаяпмиз. Ўндан зиёд корхоналар билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Топган даромадимизни фаолиятимизни янада кенгайтириш, ишчи-ходимларимизни моддий қўллаб-қувватлашга йўналтирмоқдамиз. Келгусида янги технологиялар харид қилиш ва улар ёрдамида “Дамас” автомобиллари учун эҳтиёт қисмлар тайёрлашни йўлга қўямиз. Бу лойиҳамиз амалга ошгач, яна 10 та иш ўрни яратилиб, маҳсулот тури кўпаяди. Шу орқали аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш борасидаги эзгу мақсадлар рўёбига ўз ҳиссамизни қўшамиз.


Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn