Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот
  • 04 Июль 2015

Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот

Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳокимлиги томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар олдида турган айрим муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш масалаларига бағишланган учрашув ўтказилди.

Шаҳар ва туман ҳокимлиги мутасаддилари, солиқ, прокуратура, божхона, ички ишлар, архитектура, иқтисодиёт идоралари, банк муассасалари раҳбарлари, тадбиркорлар иштирок этган учрашувда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Фармонга мувофиқ, прокуратура идораларидаги “ишонч телефони” хизмати янада такомиллаштирилиши тадбиркорлик субъектлари фаолиятига давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларининг асоссиз аралашувига барҳам беришга хизмат қилади.
Яккасарой тумани прокуратураси маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлар томонидан “ишонч телефони” орқали шундай мазмундаги 30 га яқин шикоят келиб тушган. Ўрганишлар натижасида тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Тумандаги тўрт мингдан зиёд тадбиркорлик субъектининг қарийб уч ярим мингтаси кичик бизнес соҳасида фаолият кўрсатаётир. Шундан 810 корхона саноат йўналишидаги тадбиркорлик субъекти ҳисобланади.
Тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига асосан, туманда еттита лойиҳа амалга оширилиб, 9,1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Ҳудуд иқтисодиётида кичик бизнес секторининг салмоғи ортиб бормоқда. Хусусан, 2014 йилда соҳа вакилларининг саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 86,2 фоиз, хизмат кўрсатишда 60,6 фоиз, юк ташишда 82,3 фоиз, йўловчи ташишда 95,4 фоиз, қурилиш ишларида 71,8 фоизга етган.
Ўтган йили Яккасарой туманида яратилган 7846 иш ўрнининг 5805 таси кичик бизнес субъектлари томонидан ташкил қилинди. 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 221 корхонага киритилган инвестициялар 1391 янги иш ўрни яратилишига замин яратди.
“Тоштўқимачи” очиқ акциядорлик жамияти негизида ташкил этилган “Яккасарой технопарки” тадбиркорларга ишлаб чиқариш майдонларини имтиёзли шартларда ижарага бериш орқали кичик бизнес вакиллари ривожига кўмаклашди. Ҳозир бу ерда озиқ-овқат, мебелсозлик, қурилиш моллари, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи икки юзга яқин тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда.
— Беш йил олдин кредитга хориждан қоғоз ишлаб чиқарадиган замонавий дастгоҳ келтириб ўрнатгандик, — дейди “Материал пласт продукт” корхонаси раҳбари Камола Аюпова. — Айни пайтда корхонамизда йилига 2 миллиард сўмлик қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Президентимизнинг хусусий мулк ва кичик бизнесни ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга оид Фармонига асосан, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазаси янада кенгайтирилиши фаолиятимизни тубдан ривожлантиришга хизмат қилади.
Учрашувда тадбиркорларнинг саволларига мутасадди идоралар вакиллари атрофлича жавоб қайтарди.
Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими Р. Усмонов сўзга чиқди.

Б. БОЗОРОВ,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn