Мамлакатимиз салоҳиятининг ифодаси
  • 03 Июль 2015

Мамлакатимиз салоҳиятининг ифодаси

Жаҳон банкининг яқинда эълон қилинган “Глобал иқтисодий истиқболлар” мавзуидаги маърузасида ҳозирги вақтда дунёда иқтисодий ривожланиш суръатлари ноаниқлик хусусиятларига эга эканлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, ривожланган давлатларда, шу жумладан, Европа Иттифоқига аъзо бир қатор мамлакатларда молиявий-иқтисодий инқироз оқибатларини бартараф этиш қийин кечаётганлиги таассуф билан билдирилди.

Бу маърузани тилга олишимизнинг сабаби шундаки, Ўзбекистонда 10 йилдан бери иқтисодий ўсиш суръатлари 8 фоиздан юқори эканлиги нафақат юртдошларимизда ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотмоқда, балки жаҳон ҳамжамиятининг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда. Зеро, Жаҳон иқтисодиёт форуми маълумотларига кўра, мамлакатимиз иқтисодиёти тез ўсаётган 200 тадан кўпроқ давлатлар ўртасида бешинчи поғонани эгаллаб турибди. Шу ўринда республикамизда иқтисодий ўсиш суръатлари 2016 — 2017 йиллар ва ундан кейинги даврларда ҳам 7,5-8 фоиздан тушиб кетмаслигини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Айтиш керакки, давлатимиз қудратини йил сайин тобора оширишда саноат ишлаб чиқаришини жадал ривожлантириш ҳал қилувчи аҳамият касб этаётир.
Президентимиз алоҳида уқтирганидек, “Буни, авваламбор, иқтисодиётимизда амалга оширилаётган чуқур таркибий ўзгаришларнинг, мамлакатимиз бир пайтлардаги аграр республикадан босқичма-босқич равишда саноати ривожланган замонавий давлатга айланиб бораётганининг яққол тасдиғи сифатида қабул қилишимиз даркор”.
Маълумки, жаҳондаги етакчи давлатларда фан-техника тараққиёти асосида ишлаб чиқаришнинг такомиллаштирилиши, шунга мувофиқ равишда меҳнатнинг ташкил этилиши туфайли индустрлаштирилган жамият яратилган. Бунга, кўп жиҳатдан, ишчи кучини қайта тақсимлаш ҳисобига эришилади. Яъни индустрлаштирилган жамиятларда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги иш билан бандлик 80-85 фоиздан 10-15 фоизга пасаяди, айни пайтда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 80-85 фоизи саноат корхоналарида иш билан таъминланади. Мазкур иқтисодиётлар учун поток усулидаги ишлаб чиқариш ҳамда меҳнатнинг механизациялаштирилиши ва автоматлаштирилиши, товарлар ва хизматлар бозорининг ривожлантирилиши, бошқарувнинг такомиллаштирилиши, фуқаролик жамиятининг шакллантирилиши ўзига хос унсурлар ҳисобланади.
Ўзбекистонда эса давлат мустақиллигига эришилганидан кейин миллий иқтисодиётни индустрлаштиришни мураккаб вазиятда амалга оширишга тўғри келди. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобида баён этилганидек, собиқ мустабид тузум даврида “республика халқ хўжалиги бирёқлама, айтиш мумкинки, ҳаддан ташқари номақбул ихтисослаштирилган. Натижада шундай аҳвол вужудга келдики, қишлоқ хўжалиги билан бир қаторда саноатда ҳам, асосан, хом ашёни бирламчи қайта ишлаш тармоқлари устунлик қилмоқда, тайёр маҳсулот, биринчи навбатда, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарувчи тармоқлар эса арзимас салмоққа эга. Ҳозир қишлоқ хўжалиги хом ашёсининг талайгина ҳажми (пахта толаси, хом ипак ва бошқа кўпгина хом ашё маҳсулотлари) республикадан олиб кетилмоқда, айни вақтда эса аҳолининг истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун 8-9 миллиард сўмликка яқин тайёр маҳсулот олиб келинмоқда. Ўзбекистонда электроника, асбобсозлик, радиотехника, мураккаб рўзғор техникаси ишлаб чиқариш каби ва бошқа кўпгина илғор тармоқлар мутлақо қониқарсиз ривожлантирилди”.
Албатта, бундай бирёқлама, ҳаддан ташқари номақбул ихтисослаштирилган иқтисодиётни тубдан таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришни эса модернизация қилиш талаб этиларди. Шу мақсадда дастлабки хом ашёни ва яримтайёр маҳсулотларни  чуқур қайта ишлаш технологияларини жорий қилиш, бунинг учун нефть-газ, нефть-кимё, кимё, енгил саноат ва электротехника тармоқларида янги комплекс ва корхоналар ташкил этиш, шунингдек, жаҳон ва минтақа бозорларида, ички бозоримизда харидоргир бўлган тайёр тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика саноати, электроника ва маиший электротехника маҳсулотлари, маиший кимё товарлари, қурилиш ва пардозлаш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга йўналтирилган стратегия ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилди.
Бунинг самараси ўлароқ Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ-кимё мажмуаси, Қўнғирот сода заводи, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, ўнлаб замонавий тўқимачилик комплекслари барпо этилди, мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлайдиган ва озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлайдиган юзлаб корхоналарнинг қувватлари модернизациядан чиқарилди.
Бундан ташқари, юртимизда 2015  йил бошидан буён Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 4,8 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ 53 та янги лойиҳани амалга ошириш бошланган бўлса, ҳудудий дастурларга мувофиқ, ўтган биринчи чорак мобайнида кимё ва нефть-кимё, қурилиш материаллари, мебель ва қоғоз, озиқ-овқат, тўқимачилик саноати ва бошқа тармоқларда 434 та янги ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди.
Барчага аёнки, Ўзбекистон ўзининг автомобилсозлик соҳасига эга жаҳондаги саноқли давлатлар қаторидан аллақачон ўрин олган. Бугунги кунда мамлакатимизда 27 русумдаги юк ва енгил автомобиллар, автобуслар, минивэнлар ҳамда 15 турдаги замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарилмоқда. “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси таркибидаги 200 дан ортиқ корхоналарда тайёрланаётган маҳсулотлар эса ҳар йили 4 миллиард  АҚШ долларидан зиёд ҳажмдаги импорт товарлар ўрнини босиш имконини бермоқда.
Шу билан бирга, саноатни жадал суръатларда ривожлантиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг улуши йилдан-йилга ортиб бораётганлигини таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Айтайлик, миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг локомотивига айланган мазкур секторда 2000 йилдан буён саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 12,9 фоиздан 31,1 фоизга ўсди. 2014 йилнинг ўзида тадбиркорлик субъектлари томонидан 1 миллиард 250 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт шартномалари тузилиб, уларга кўра, қиймати 840 миллион доллардан ошиқ товарлар экспорт қилинди.
Қолаверса, ҳозирга қадар юртимизда 90 дан ортиқ давлатнинг хорижий инвесторлари иштирокида бунёд этилган 4 мингдан зиёд корхоналарнинг муваффақиятли фаолият юритиши юқори қўшимча қийматга эга рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлашни кўпайтириш билан бирга, ўзбек саноатчиларига уларнинг янги технологияларини ўзлаштириш, ишлаб чиқаришни замонавий усулда ташкил қилиш, корпоратив бошқаришни такомиллаштириш бўйича тажрибаларини ўрганишда ҳам қўл келмоқда.
Айни чоғда республикамизда ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожлантирилаётганлиги, жумладан, “электрон ҳукумат” ишга туширилганлиги, электрон савдо, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоботларни электрон тарзда топшириш  йўлга қўйилганлиги, таълим муассасаларининг аксарияти интернет тармоғига уланганлиги, муҳими, бу халқаро алоқа воситасининг  нафақат шаҳар, балки қишлоқ аҳолиси хонадонларигача кириб бориши эса Ўзбекистоннинг дунёда ушбу жабҳада юқори даражада ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин олишини таъминламоқда.
Сир эмас, республикамизда иқтисодиётнинг ривожланиш суръатлари, энг муҳим ижтимоий вазифаларнинг ҳал этилиши, кўп жиҳатдан, қурилиш тизими қай даражада тараққий этганига ҳам боғлиқ. Тажриба бу соҳага инвестиция сифатида киритилган ҳар бир АҚШ доллари иқтисодиётнинг турдош тармоқларига 4-5 долларни жалб этиш, уларни ривожлантиришни жадаллаштириш учун туртки бериш амалиётини тасдиқламоқда. Зотан, Юртбошимиз ибораси билан айтганда, ривожланган инфратузилмани ташкил этмасдан, биринчи навбатда, ахборот-коммуникация тизими, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация қурилишини равнақ топтирмасдан туриб, иқтисодиётимизни таркибий жиҳатдан ўзгартиришга эришиш мумкин эмас.
Шунинг учун ҳам, мустақиллик йилларида мамлакатимиз, ҳеч муболағасиз, улкан қурилиш майдонига айланди. Ҳар йили барча минтақаларда, шаҳар ва қишлоқларда ўнлаб ва юзлаб янги корхоналар, ижтимоий инфратузилмалар, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият муассасалари, спорт иншоотлари  барпо қилинмоқда. Пойтахтимиз Тошкент, бошқа шаҳарлар эса янгича чирой очиб, янада обод ва кўркам қиёфа касб этмоқда.
Мамлакатимизда Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш дастури доирасида ҳар йили намунавий лойиҳалар бўйича умумий майдони 1,5 миллион квадрат метрдан зиёд бўлган 10 мингдан ортиқ якка тартибдаги замонавий тураржойлар қад ростлаётгани ҳам эътиборга лойиқ.  Мазкур дастурни амалга оширишга киришилган 2009 йилдан буён  159 та қишлоқ туманида 900 дан ортиқ янги уй-жой мавзелари барпо этилиб, салкам 45 мингта кўркам, барча қулайлик, зарур хўжалик биноларига эга  бўлган, шаҳарлардагидан асло қолишмайдиган, пишиқ ғиштдан қурилган,  замонавий қурилиш ва томёпқич материалларидан фойдаланилган, шифтлари баланд, хоналари шинам ва ёруғ якка тартибдаги уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Ана шу мавзеларда тураржойлар билан бир қаторда, болалар боғчалари, мактаблар  ва касб-ҳунар коллежлари, маданий ва маиший муассасалар, спорт мажмуалари ҳам қурилмоқда, ижтимоий инфратузилмалар — кенг ва равон йўллар, табиий газ, ичимлик ва оқова сув тармоқлари бунёд қилинмоқда.
Мухтасар айтганда, истиқлол йилларида мамлакатимиз қудратини, миллий иқтисодиётимиз салоҳиятини ошириш йўлида оламшумул ишлар бажарилди. Унинг истиқболи эса янада порлоқ ҳамда мустаҳкам асосга эга. Бир мисол. 2015 — 2019 йилларда юртимизда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш бўйича умумий қиймати 40,8 миллиард долларлик 846 лойиҳа, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмаси объектларини қуриш ҳамда ривожлантиришга доир умумий қиймати 9,8 миллиард долларлик 141 лойиҳани амалга ошириш ва 1,2 мингдан ортиқ янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш назарда тутилган. Ушбу дастурларнинг жорий этилиши белгиланган шу давр ичида ялпи ички маҳсулотни йилига ўртача камида 8 фоиз, жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 9 фоизга ошириш учун пойдевор яратади. Бу мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида саноатнинг улуши 2020 йилда 27 фоизга ёки 18 триллион сўмга етади, экспорт салоҳияти эса 2 миллиард АҚШ долларига ортади, деганидир.

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,
иқтисод фанлари доктори, профессор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Хоҳишга қараб дизайн Ихчам сув насослари »