Ўзбекистоннинг сайёҳлик индустрияси эътирофи
  • 03 Июль 2015

Ўзбекистоннинг сайёҳлик индустрияси эътирофи

Яқинда Хитойнинг Сиань шаҳрида БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг (ЮНВТО) Буюк Ипак йўлида сайёҳлик мавзуига бағишланган VII халқаро йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Европа, Осиё ва Яқин Шарқдаги 40 дан зиёд мамлакатнинг сайёҳлик жабҳасида ном қозонган вакиллари, шунингдек, “Ўзбектуризм” Миллий компанияси делегацияси аъзолари ҳам қатнашди.
БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг (ЮНВТО) Бош котиби Талеб Рифаи анжуман меҳмони бўлди. Форум давомида “Буюк Ипак йўли” бренди жозибадорлигини ошириш, сайёҳлик тадқиқотлари соҳасидаги салоҳиятни ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилиш доирасида бир туркум тадбирлар, шу жумладан, Буюк Ипак йўли бўйида жойлашган давлатлар сайёҳлик бўйича вазирларининг биринчи учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Учрашув якуни бўйича “Сиань ташаббуси” қабул қилинди. У дастурий ҳужжат бўлиб, Евроосиёда сайёҳликни кенгайтириш ва рағбатлантиришни, дам олиш индустрияси соҳасида қўшма лойиҳалар амалга оширилишини кўзда тутади.
Форум иштирокчиларидан бири — “Diplomat Home” сайёҳлик компанияси директори Лю Шужиннинг эътироф этишича, Ўзбекистон сайёҳлик соҳасида улкан салоҳиятга эга, республикада туризм индустрияси ривожига катта эътибор қаратилаётир. Гўзал табиати, бой тарихи ва маданияти, ўзбек халқининг ўзига хос урф-одат ва анъаналари, муқаддас зиёратгоҳлари ҳамда ноёб меъморий ёдгорликлари бутун дунё сайёҳлари эътиборини ўзига кўпроқ тортмоқда.
— Мамлакатингизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳити, жаҳонга машҳур ўзбекона меҳмондўстлик, замонавий меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари, юқори сифатли хизмат кўрсатишнинг мавжудлиги қизиқарли ва мазмунли ҳордиқ чиқариш учун қулай шароитлар сирасига киради, — дейди Лю Шужин. — Буларнинг барчаси мамлакатингизга келаётган сайёҳлар сонининг мунтазам ўсишига, ички туризмнинг ривожланишига, янги иш ўринлари яратилиши ва халқ фаровонлиги юксалишига хизмат қилмоқда. БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгаши ўтган йили ўзининг 99-сессиясини Самарқандда ўтказгани тасодифий ҳол эмас. Бу ҳам дунё эътиборини Буюк Ипак йўлидаги муҳим марказ бўлиб қолган Ўзбекистоннинг сайёҳлик борасидаги имкониятларига қаратди.

«Жаҳон» АА.
Пекин

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn