Равон йўллар — фаровонлик белгиси
  • 03 Июль 2015

Равон йўллар — фаровонлик белгиси

Пойтахтимизда “Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компанияси оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжуманини ташкил этди. Унда таъкидландики, бугунги кунда республикамиз автомобиль йўлларининг узунлиги 184 минг километрдан иборат бўлиб, шундан 42 минг 654 километри умумий фойдаланишдаги йўллардир.

Ҳозирги кунда уларни жаҳон андозалари даражасида таъмирлаш ва янгиларини бунёд этиш ишлари эса қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида олиб борилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2015 йил 6 мартдаги “2015 — 2019 йиллар учун муҳандислик-коммуникацион ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва замонавийлаштириш дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, шу давр мобайнида “Ўзбек миллий автомагистрали” таркибига кирувчи ва умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш, шунингдек, йўл ташкилотларининг ишлаб чиқариш базасини техник ривожлантириш чора-тадбирларининг манзилли рўйхати тасдиқланган. Хусусан, 2699,8 километр масофадаги йўлларда қуриш ва таъмирлаш юмушларини амалга ошириш, шунингдек, 4 минг километрдан зиёд хўжаликлараро, қарийб 2 минг километрлик шаҳар, қишлоқ ва туман марказларидаги йўлларни созлаш ҳамда сақлаш учун 993 та техника ва жиҳозлар харид қилиш кўзда тутилган.
Компания жамоасининг асосий вазифаларидан яна бири  автомобиль йўлларини соз ҳолатда сақлаш ва уларни жорий таъмирдан чиқариш ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, мутахассислар томонидан жорий йилнинг олти ойида республикамизнинг 670 километрлик йўлларида тегишли ишлар бажарилди. Самарқанд вилоятидаги “Алмати — Бишкек — Тошкент — Термиз” автомобиль йўлининг 1037-1135 километрлари, “Самарқанд — Бухоро — Туркманбоши” автомобиль йўлининг 0-147 километрлари оралиғи, Тошкент вилоятидаги “Тошкент — Ўнқўрғон — Ёнариқ” йўналишининг 2-6 километрлари бунга мисол бўла олади.
Албатта, юртимиз йўлларининг равон ва текис бўлишида компания тизимидаги корхоналарнинг замонавий техникалар билан бойиб бораётгани қўл келмоқда. Тадбирда мутахассислар томонидан журналистларга бу борадаги ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn