Унумдор тупроқдан биологик ўғит
  • 03 Июль 2015

Унумдор тупроқдан биологик ўғит

Ховос туманидаги “Шаҳзод-Дониёр” хусусий корхонасида биологик ўғит ишлаб чиқарила бошланди. Ўзбекистон Фанлар академияси Микробиология институтида яратилган ушбу озиқ моддасининг асосий таркиби унумдор тупроқдан иборат.

Гап шундаки, ана шу оддий тупроқ керакли элементлар қўшилиб ишлов берилгач, ҳаводаги азотни ютиш хусусиятига эга  фойдали ўғитга айланади. Айни чоғда у азот моддасини “қайта ишлаб”, уни ўсимликка енгил ҳолатда етказишни  таъминлайди. Препаратнинг ҳеч қандай салбий таъсири йўқ. Инсон соғлиғи учун мутлақо зарарсиздир.
— “Ер малҳами” экинни бир вақтнинг ўзида ҳам азот, ҳам фосфор ва калий ўғити билан озиқлантиради, — дейди хусусий корхона раҳбари Қудратилла Ботиров. — Натижада ортиқча харажат ва вақт тежалади. Қолаверса, ўсимлик ривожини 10-15 кунга тезлаштиради ҳамда ҳосилдорликни 5-20 центнергача оширади. Яна бир жиҳати, ушбу ўғит қўлланилганда, экиннинг касалланиши, айниқса, занг ва илдиз чириши кам кузатилади. Ҳосил таркибида эса “В” гуруҳидаги дармондорилар миқдори кўпаяди.
Айтиш лозимки, хусусий корхона томонидан тайёрланган “Ер малҳами” ўғити синовдан муваффақиятли ўтди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn