Инновация ва амалиёт уйғунлиги
  • 02 Июль 2015

Инновация ва амалиёт уйғунлиги

пойтахтимизда ўтказилаётган “Мультимедиа, ахборот технологиялари ва уларнинг амалиётга татбиғи — MITA — 2015” XI халқаро конференциясининг бош мавзуи бўлди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети, Жанубий Корея мультимедиа жамияти ҳамда мазкур мамлакатнинг Пикёнг миллий университети, Донггук ва Ульсан университетлари ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда юртимизнинг йирик саноат корхоналари, АҚШ, Италия, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Россия, Украина, Озарбайжон каби мамлакатлардан етакчи таълим ва илмий муассасалар вакиллари, олим ҳамда мутахассислар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар қатнашаяпти.
Тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, глобал тараққиёт шароитида ахборот технологиялари аҳамиятини оширишнинг янада замонавий, инновацион усулларини излаб топиш, ахборотлаштириш жараёнига ҳар томонлама кўмаклашиш, уларни ҳаётга кенг жорий этиш давлат фаолиятининг муҳим стратегик йўналишларидан бирига айланмоқда. Шубҳасиз, давлат ва жамият бошқаруви, бизнес, фуқаролик жамияти муносабатлари самарадорлиги  замонавий ахборот технологияларининг ушбу соҳаларга кириб бориши даражаси билан узвий боғлиқ.
Президентимизнинг 2002 йил 30 майдаги “Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида”ги Фармони юртимизда ахборотлаштириш соҳасини жадал равнақ топтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Бугунги кунда барча соҳаларда ахборот-коммуникация технологияларини жадал қўллаш, мазкур тармоқни замон талабларига мос равишда ривожлантириш, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва ушбу йўналишда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга катта эътибор қаратилаётир. 2014 йилда Тошкент шаҳрида Жанубий Кореянинг Инха университети филиали очилгани бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг ёрқин самарасидир.
Ушбу анжумандан кўзланган мақсад мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг мультимедиа, ахборот технологиялари ҳамда уларнинг амалиётга татбиқ қилинишидаги ютуқларини намойиш этиш, соҳанинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан ўзаро фикр алмашиш, шунингдек, мамлакатимиздаги ўқув ва илмий муассасалар олимларининг инновацион ишланмаларини жорий этишга саноат корхоналарини жалб қилишдан иборатдир.
Бугунги кунда юртимизда Тошкент давлат техника ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университетларида техника ва ахборот технологиялари йўналишларида кадрлар тайёрланмоқда. Ушбу олий таълим муассасаларида илмий тадқиқот ишланмалари мамлакатимизнинг нефть-газ, ёқилғи-энергетика, кимё саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги, тоғ-кон металлургияси, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар каби соҳаларида фаолият юритувчи етакчи саноат корхоналари билан фаол ҳамкорликда яратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, “Мультимедиа, ахборот технологиялари ва уларнинг амалиётга татбиғи — MITA” халқаро анжумани нуфузли илмий-амалий форум бўлиб, давлат бошқарувини такомиллаштириш ва жамиятни демократлаштиришда мультимедиа тизимларининг ривожи юзасидан тажриба алмашинувига йўналтирилган. Мазкур анжуман  Ўзбекистонда илк бор ўтказилмоқда.
— Юртингизда мультимедиа, ахборот технологияларини татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганидан хабаримиз бор, — дейди Жанубий Корея мультимедиа жамияти президенти Ки Рёнг Квон. — Жамиятимиз Ўзбекистон мутахассислари билан янги инновацион ғоя ва ишланмаларни яратиш ҳамда амалиётга қўллаш бўйича фаол ҳамкорлик олиб бормоқда. Мамлакатингиз ёшларининг юксак интеллектуал салоҳияти ва замонавий технологияларни пухта ўзлаштириб бораётгани эътиборга лойиқ. Бу улар томонидан яратилаётган илмий ишланмалар, инновацион ғояларда ҳам ўз ифодасини топган.
Халқаро форумда Ўзбекистонда миллий ахборот-коммуникация тизими жадал ривожланиб бораётгани ва юксак самаралар бераётгани қайд этилди.
— Беш йилдан бери “Маълумотларни параллел интеллектуал таҳлил қилиш алгоритмларининг самарадорлигини баҳолаш” мавзуида тадқиқот олиб бораяпман, — дейди Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали катта илмий ходим-изланувчиси Зайниддин Қаршиев. — Мазкур анжуман биз каби ёш мутахассисларга соҳадаги энг сўнгги ютуқлар билан яқиндан танишиш учун ажойиб имкониятдир. Унда дунёнинг етакчи олимлари маърузаларини тинглаб, ишланмаларимизни янада бойитиш, қайси йўналишларга устувор аҳамият қаратиш зарурлиги бўйича қимматли маълумотларга эга бўлаяпмиз.
Шунингдек, конференция доирасида мультимедиа, ахборот технологиялари ва уларни амалиётга татбиқ этиш самаралари, янги инновацион ғоялар ҳамда соҳада кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш чора-тадбирларига оид масалалар муҳокама қилинади, бу борада Ўзбекистон ва жаҳон тажрибаси юзасидан фикр алмашилади.


Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn