Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий салоҳиятига бағишланди
  • 01 Июль 2015

Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий салоҳиятига бағишланди

Словакия Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Словакия савдо ва сармояларни ривожлантириш агентлигида (SARIO) Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий салоҳиятига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Мамлакатимизнинг замонавий иқтисодий тараққиёти, саноат корхоналарини модернизациялаш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, сармоявий муҳитни такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, ижтимоий соҳа ҳамда инфратузилмаларни ривожлантиришга йўналтирилган давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши хусусидаги муҳим маълумотлар тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола қилинди.
Словакия томони “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ва “Ангрен” ҳамда “Жиззах” махсус индустриал зоналари фаолияти ва уларда мавжуд бўлган имкониятлар, ушбу ҳудудларда хорижлик сармоядорлар учун ҳукумат томонидан тақдим этилган имтиёзу қулайликлар билан яқиндан таништирилди. Шу ўринда импорт ўрнини босадиган ва экспортбоп товарлар ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлашга оид муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбек шериклар билан ҳамкорлик қилишни ва янги технологияларни қўллашни режалаштираётган хорижлик сармоядорларни жалб этиш, уларнинг фаолиятини янада ривожлантиришга кўмаклашадиган ташкилий ҳамда қонуний шароитлар хусусида ҳам атрофлича фикр юритилди.
Словакия савдо ва сармояларни ривожлантириш агентлигининг халқаро ишлар бўйича директори Т. Бучекнинг билдиришича, Ўзбекистонда шаклланган сармоявий муҳит, шунингдек, унинг бой хом ашё базаси ва малакали ишчи ресурсларига эга эканлиги республикага чет эл компанияларини жалб этишда муҳим ўрин тутади.
“Technoklima” компанияси вакили П. Чобирка 2014 йили республикамизда бўлгани чоғида сира унутилмас таассуротлар орттирганини маълум қилди. Унинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати мустақил ривожланиш йиллари давомида қишлоқ хўжалиги жабҳасини модернизациялаш юзасидан улкан ишларни амалга оширишга муваффақ бўлди.
Словакия компаниялари Ўзбекистон билан аграр соҳада ҳамкорликдан, ўзбек деҳқони етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишдан, шунингдек, Словакия технологиялари ва ускуналарини мамлакатимиз аграр соҳасини янада модернизациялашга йўналтиришдан манфаатдор бўлиши қайд этилди.

«Жаҳон» АА.
Братислава

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn