Пиллачилар эришган улкан муваффақият
  • 30 Июнь 2015

Пиллачилар эришган улкан муваффақият

Мамлакатимиз пиллачилари 26 минг тоннадан зиёд “кумуш тола” тайёрлаб, йиллик шартнома мажбуриятини бажардилар. Ушбу қимматбаҳо хом ашё ипакчилик ва тўқимачилик саноатимиз тараққиёти, экспорт салоҳияти ошиши ва аҳоли турмуш фаровонлиги таъминланишида муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис мамлакатимизда пиллачилик тармоғини ривожлантириш, пиллачиларга муносиб меҳнат шароитини яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Президентимизнинг 2006 йил 15 ноябрдаги “Республика пиллачилик тармоғини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти.
Дарҳақиқат, мазкур ҳужжат талаблари асосида қурт боқувчилар зарур жиҳозлар билан таъминланиб, уларнинг моддий манфаатдорлиги оширилмоқда. Хусусан, жорий мавсумда 70 миллиард сўм миқдоридаги маблағ бўнак пули тариқасида берилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар туфайли маҳсулот тайёрлаш ҳажми ортиб, сифати тобора яхшиланаяпти. Бироқ пиллачилик учун бир оз ноқулай келган бу йилги об-ҳаво шароитида мўлжалдаги “кумуш тола”ни етиштириш осон кечмади.
Гап шундаки, март ойининг сўнгги кунларида ҳарорат кескин пасайиши оқибатида республикамиз ҳудудларининг аксариятида тут дарахтлари новдаларининг куртакларига қисман зарар етди. Соҳа мутахассисларининг тавсияларига кўра, зудлик билан тутзорларга агротехника қоидалари асосида қўшимча ишлов берилгани туфайли ипак қуртлари сифатли озуқа — тут барги билан тўлиқ таъминланишига эришилди.
Ҳар тонна пилладан 350 килограмм ипак, 20 минг метр адрас, 13 минг метр атлас, умуман, унинг толасидан ўнлаб турдаги маҳсулот тайёрланиши ушбу хом ашё саноатимиз ривожида нечоғли муҳим ўрин тутишини яққол кўрсатиб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, бу йил мамлакатимиз бўйича 454,6 минг қути ипак қурти парваришланиб, ҳар биридан ўртача 57,6 килограммдан сифатли пилла териб олинди. Бу кўрсаткич Каттақўрғон, Касби, Жарқўрғон, Қоракўл, Бешариқ, Норин, Хатирчи туманларида 60-67 килограммни ташкил этган бўлса, кўплаб илғор фермер хўжаликларида 70 килограмм, ҳатто, ундан ҳам ошириб “кумуш тола” етиштирилди. Қувонарлиси, ялпи ҳосилнинг асосий қисми юқори навларга қабул қилинди. Бунинг ҳисобига 47 мингдан зиёд фермер хўжаликлари 23,4 миллиард сўм миқдорида даромад оладиган бўлди.
Соҳа мутахассисларининг айтишича, бундай натижага эришишда маҳсулдор ипак қурти зотлари парваришлангани, тармоққа замонавий технологиялар жорий қилингани, шунингдек, “Ўзпахтасаноат” уюшмаси тизимидаги пахта қабул қилиш масканларида 196 та пиллахона ташкил этилиб, ипак қурти парваришлаш йўлга қўйилгани муҳим омил бўлди. Бу пиллахоналарда 22 минг 700 қути ипак қурти боқилиб, 1363 тонна пилла тайёрланди.
Айни пайтда пиллачиларнинг машаққатли меҳнати эвазига яратилган “кумуш тола”га дастлабки ишлов берилиб, уни қайта ишлаш корхоналарига жўнатишга тайёргарлик кўрилаяпти.
Бу давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ушбу муҳим соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, яъни ипак қуртининг янги зот ва дурагайларини яратиш, сифатли ва саноатбоп пилла етиштириш, уни халқаро стандартлар даражасида чуқур қайта ишлаш ҳамда замонавий бозор тамойиллари асосида сотиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг юксак самарасидир.

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn