Тадбиркорлик ривожининг мустаҳкам пойдевори
  • 30 Июнь 2015

Тадбиркорлик ривожининг мустаҳкам пойдевори

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Бош прокуратура, Давлат солиқ ва Хотин-қизлар қўмиталари, Савдо-саноат палатаси, тижорат банклари мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ушбу Фармони кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган навбатдаги муҳим ҳужжатлардан биридир.
Чунки унда кўплаб енгиллик ва имтиёзлар белгилаб берилганки, буларнинг барчаси соҳа вакилларининг эмин-эркин фаолият юритиши учун мустаҳкам замин яратади. Шу боис ишбилармонларимиз мазкур ҳужжатни манфаатдорлик билан кутиб олиб, унга ўз муносабатларини билдиришмоқда. Фармон эълон қилинганидан буён Марказий банк томонидан жойларда унинг мазмун-моҳиятига бағишлаб ўтказилган тадбирларда 50 мингдан зиёд аҳоли, тадбиркор, фермер ва жамоатчилик вакиллари қатнашгани ана шундан далолатдир.
Дарҳақиқат, Марказий банк ташаббуси билан уюштирилаётган турли тадбирлар ўз самарасини бераётир.  Негаки, улар иштирокчиларни банк тизимида яратилган қулай ишбилармонлик муҳити билан яқиндан таништириш баробарида, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига киритилган лойиҳаларни қисқа муддат ичида ишга туширишда ёрдам бермоқда. Бошқача айтганда, Президентимиз Фармони кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўлидаги мавжуд тўсиқ ва чекловларни тугатиш, хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини изчил оширишда муҳим аҳамият касб этаяпти.
Маълумки, Фармонда вазирлик ва идоралар қаторида тижорат банклари зиммасига ҳам бир қатор вазифалар юклатилган. Жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни кучайтириш мақсадида кредит ресурсларидан фойдаланиш механизмларини кенгайтириш, кредитлар ҳажмини янада ошириш белгилаб қўйилган.
Таҳлилларга қараганда, сўнгги ўн йил ичида соҳа субъектларига ажратилган кредитлар ҳажми 21 баробар, микрокредитлар ҳажми эса 42 баробар ўсиб, тадбиркорларнинг кредитлардан фойдаланиш имкониятлари сезиларли даражада кенгайди. Фармонга кўра, ишчанлик муҳити янада яхшиланган ҳолда, қулай инвестициявий иқлим юзага келтирилаётгани, кредит ташкилотларининг шаффофлиги таъминланаётгани бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, ишбилармонларни ишончли ҳимоялаш, уларнинг йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш учун тўртта асосий йўналишни қамраб олган, асосан, жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган ўттиз учта аниқ чора-тадбирни кўзда тутувчи комплекс дастур ҳам тасдиқланди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон банк тизими олдига 2015 — 2019 йиллар мобайнида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, уларнинг инвестициявий лойиҳаларини узоқ муддатли кредитлаш ҳажмларини 2,5 баравар ошириш вазифаси қўйилмоқда. Бу келгусида ҳам соҳа вакилларининг лойиҳалари зарур маблағлар билан таъминланиб, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ортиб бораверади, деганидир.
Тадбир иштирокчилари банк тизимида Фармон ижросининг таъминланиши ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётимиздаги аҳамиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришда муҳим дастуриламал бўлишини алоҳида қайд этдилар.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn