Замонавий технологиялар ишлаб чиқаришга изчил татбиқ этилаётгани туфайли саноатда барқарор ўсиш суръатлари таъминланмоқда
  • 30 Июнь 2015

Замонавий технологиялар ишлаб чиқаришга изчил татбиқ этилаётгани туфайли саноатда барқарор ўсиш суръатлари таъминланмоқда

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иқтисодиётимизнинг таянч кучига айланиб бораётир. Бу, албатта, юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, соҳа вакилларига берилаётган имтиёз ва имкониятлар туфайлидир. Натижада ички бозор сифатли маҳсулотлар билан бойиб, аҳолининг турмуш даражаси тобора фаровонлашмоқда.

Чунончи, Хоразм вилоятида жорий йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнес субъектларининг улуши 60,2 фоизни, аҳоли бандлиги даражасида эса 81 фоизни ташкил этди. Бунда, шубҳасиз, Урганч шаҳридаги “Glass pro” масъулияти чекланган жамиятининг ҳам муносиб улуши бор. Ойнани қайта ишлашга ихтисослаштирилган ушбу корхонада шу йилнинг ўтган беш ойида замонавий технологиялар ёрдамида 915 000 000 сўмликдан ортиқ маҳсулот тайёрланди.
Турли хилдаги сифатли, импорт ўрнини босувчи ойналар жаҳон стандартлари талабларига тўлиқ жавоб беради. Шу боис жамоа халқаро кўргазмаларда муваффақиятли иштирок этиб келаяпти.
— Бозор шароитини ҳисобга олган ҳолда фаолият юритиш тадбиркорликнинг муҳим шартларидан биридир, — дейди корхона раҳбари Улуғбек Бобожонов. — Яъни маҳсулот сифатига эътибор қаратилиб, буюртмалар ўз вақтида бажарилсагина харидорлар ишончини қозониш мумкин. Корхонамизда айни шу омилларга устуворлик берилаётгани учун бозорда ўз ўрнимизни янада мустаҳкамлаб олаяпмиз. Ҳозирги кунда буюртма асосида бинолар ва қишлоқ хўжалиги техникаларига мўлжалланган ойналар етказиб бераётган бўлсак, келгусида музлаткич ҳамда автомобиллар учун ҳам шундай маҳсулотлар тайёрлашни режалаштириб турибмиз.
“Glass pro” жамоаси йил охиригача яна икки миллиард сўмликдан зиёд  маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида астойдил меҳнат қилмоқда. Бунинг учун шарт-шароит ҳам, буюртмалар ҳам етарли эканлигини инобатга олсак, кўзда тутилган марра забт этилиши муқаррардир.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn