Юртимиздаги ислоҳотлар самаралари «The Korea Post» нашрида кенг ёритилди
  • 25 Июнь 2015

Юртимиздаги ислоҳотлар самаралари «The Korea Post» нашрида кенг ёритилди

Яқинда Корея Республикасида нашр этиладиган “The Korea Post” журнали саҳифаларида мамлакатимизнинг замонавий тараққиёти ҳамда Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари ҳақида ҳикоя қилинадиган туркум мақолалар берилди.

“2015 йил — Ўзбекистонда Кексаларни эъзозлаш йили” сарлавҳали мақола ана шулардан биридир. Унда мамлакатимизда кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар атрофлича қаламга олинган.
Мақолада таъкидланганидек, қабул қилинган тегишли Давлат дастури доирасида ижтимоий соҳани ривожлантириш, ёлғиз қариялар, пенсионер ва ногиронлар, кам таъминланган оилаларнинг манзилли ҳимояси таъминланиши юзасидан салмоқли ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
“Мамлакатда 60 ёшдан ошган 2,9 миллионга яқин киши истиқомат қилади, — деб ёзилади журналда. — Отахон ва онахонларнинг 225 минг нафари 80 ёшдан, 44 минг нафари 90 ёшдан, 8700 нафари эса 100 ёшдан ошган.
Улар орасида Иккинчи жаҳон урушининг 3 минг 109 нафар қатнашчиси, 69 минг 994 нафар фронт ортида меҳнат қилган инсонлар бор. Ўзбекистон раҳбарининг “1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу йўналишдаги янги ташаббусларга кенг йўл очди”.
Нашрда таъкидланганидек, “Мазкур ҳужжат Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийларининг манзилли ижтимоий ҳимоясини қўллаб-қувватлаш, тиббий ҳамда санаторий-соғломлаштириш соҳасида хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш ҳисобига уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароитлар яратишда муҳим асос бўлиб хизмат қилаётир. Унга мувофиқ, 10 минг нафардан ортиқ уруш ва меҳнат фронти фахрийлари санаторий-соғломлаштириш муассасаларида давлат бюджети ҳисобидан соғломлаштирилади. Бунга қўшимча равишда 6 минг нафар ишлаётган кекса инсонларни, пенсионерларни касаба уюшмалари ҳисобидан санаторийларда бепул соғломлаштириш ишлари амалга оширилади. Ушбу мақсадларга қарийб 5 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланган”.
“The Korea Post” журналида “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши сингари нодавлат ташкилотлари ва бошқа ижтимоий тизимларнинг уруш фахрийлари ва кексаларни молиявий ҳамда маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларига ҳам юқори баҳо берилган. Шунингдек, уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати, Саховат ва Мурувват уйлари эҳтиёжмандлар хизматида эканлиги ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган. 
Журналда чоп этилган иккинчи мақола “Ўзбекистоннинг бизнес жозибадорлиги” деб номланади. Унда мустақилликнинг биринчи кунлариданоқ, республикада қулай сармоявий муҳитни яратиш, миллий иқтисодиётга илғор технология ва хориж сармоясини жалб қилиш юзасидан тизимли ишлар олиб борилаётгани қайд этилади.
“Кўрилган чора-тадбирлар туфайли биргина 2014 йилнинг ўзида жалб қилинган тўғридан-тўғри сармояларнинг ҳажми 4,5 миллиард АҚШ долларидан ошди, — деб ёзилади нашрда. — Улар орасида “General Motors”, “MAN”, “Knauf”, “Itochu”, “Rieter”, “Klaas”, “Nestle”, “Coca-Cola”, “Kogaz”, “Sasol”, “Ariston”, “CNPC”, “Indorama”, “Газпром”, “Лукойл”, “LG”, “Lotte”, “Sumitomo”, “Korea Telecom” сингари жаҳонга машҳур корпорация ва бошқа фирма ҳамда компаниялар бор. Улар билан ҳамкорликда жаҳон бозорида талаб қилинадиган ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган сармоявий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиб, ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди”.
“The Korea Post” Ўзбекистоннинг хорижий шериклар билан муваффақиятли ўзаро манфаатли ҳамкорлиги намунаси сифатида “General Motors” корпорацияси билан биргаликда автомобиль ва уларнинг двигателларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, Жанубий Корея бизнес субъектлари кўмагида газни қайта ишлайдиган Устюрт газ-кимё мажмуи қурилиши, Қашқадарё вилоятида синтетик ёнилғи (GTL) ишлаб чиқарадиган завод қурилиши ва бошқа лойиҳаларни келтириб ўтади.
Мақолада таъкидланганидек, қулай жуғрофий жойлашув, бой табиий ресурслар захираларининг мавжудлиги, сиёсий барқарорлик, иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари ва ривожланган инфратузилма хорижлик сармоядорларни Ўзбекистонга жалб қилаётган асосий омиллар ҳисобланади.
“Ўзбекистон нефть саноати соҳасида Жанубий Корея билан ҳамкорлик қирраларининг кенгайиши” сарлавҳали мақолада ҳам мамлакатимизнинг замини улкан углеводород ресурслари захирасига эга эканлиги хусусида фикр юритилган. Хусусан, республиканинг беш минтақасида нефть ва газ конлари, 211 углеводород хом ашё конлари мавжуд. Шунингдек, 108 та газ ва газ конденсати, 103 таси нефть-газ, нефть-газ конденсати ва нефть конларидир. 50 фоиздан зиёд конларда иш олиб борилмоқда, 35 фоизи ўзлаштиришга тайёрлаб қўйилган, қолганларида эса разведка ишлари давом эттирилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил учун инвестиция дастурида нефть ва газ соҳасида 23 миллиард АҚШ доллари баҳосига тенг бўлган 31 лойиҳа киритилган”, деб ёзилади нашрда.
Журналда маълум қилинишича, 2006 — 2014 йиллар давомида Ўзбекистон нефть ва газ саноатини ривожлантиришга йўналтирилган тўғридан-тўғри сармояларнинг ҳажми қарийб 3,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Мақолада Жанубий Корея компаниялари Ўзбекистон нефть-газ индустриясида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишга катта қизиқиш билдиришаётгани алоҳида қайд этилади.
Жумладан, Корея газ корпорацияси (“KOGAS”), “Lotte Chemical” ва “STX Energy” компаниялари  иштирокида Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуи бунёд этилмоқда. Йирик ва истиқболли лойиҳа сифатида баҳоланган мазкур улкан саноат иншооти йилига 4,5 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш имконини беради.
“Жанубий Корея компаниялари Ўзбекистонда яратилган қулай ишбилармонлик муҳитидан унумли фойдаланган ҳолда, ўзларининг ушбу мамлакатдаги иштирокини кенгайтириш ниятидалар”, дея ёзилади “The Korea Post” журналида.

«Жаҳон» АА.
Сеул

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn