Инвестиция ва имконият
  • 25 Июнь 2015

Инвестиция ва имконият

Президентимиз мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида алоҳида таъкидлаганидек, ўтган йили иқтисодиётимизга жалб этилган инвестициялар ҳажми 10,9 фоиз ўсиб, 14 миллиард 600 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Унинг тўртдан уч қисми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир.

Жумладан, Пастдарғом туманида жойлашган бизнинг қўшма корхонамизга ҳам сўнгги уч йил давомида қарийб 10 миллиард сўмлик сармоя киритилганлиги натижасида чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш учун препаратлар ишлаб чиқарадиган йирик замонавий саноат мажмуига айлантирилди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, заводимизга қарашли ер майдони 27 гектар бўлиб, бу ерда ишлаб чиқариш ва ветеринария-санитария зоналари мавжуд. Улар энг илғор ускуналар билан жиҳозланган. Шу боис препаратларимиз фармацевтика ишлаб чиқаришининг асоси бўлмиш GMP халқаро қоидалари талабларига тўлиқ жавоб беради. Қолаверса, корхонамизда барча турдаги лаборатория, уй ва чорва моллари ҳамда паррандачилик ҳайвонлари сақланадиган вивария бўлими бўлиб, унда назорат-таҳлил лабораториясининг малакали ходимлари тайёр препаратларнинг безарарлиги ҳамда самарадорлигини синовдан ўтказиши маҳсулотларнинг кафолатини таъминлайди.
Бундан ташқари, корхонамиз юртимиздаги бир қатор илмий тадқиқот муассасалари,  шунингдек, Беларусь Республикасининг тажрибавий ветеринария институти билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатган ҳолда изланишлар олиб бормоқда. Бунинг самараси ўлароқ, ўтган йили корхонамизда 3 миллиард сўмлик салкам 50 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилди. Айни чоғда препаратларимизни экспорт қилишни бошладик. Жорий йилнинг ўтган даврида 150 минг АҚШ долларига тенг миқдордаги маҳсулотлар хорижий мамлакатларга жўнатилди. Ҳозир ташқи бозордаги фаолиятимизни янада кенгайтиришга эътибор қаратаяпмиз. Айни пайтда корхонамизда 117 нафар ишчи меҳнат қилаяпти. Тез орада улар сафига яна 30 нафар киши қўшилади.

Шуҳрат НАСИМОВ,
Самарқанд вилоятидаги «Ўзбиокомбинат»
қўшма корхонаси раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn