«Ўзбекистонда муваффақиятли бизнес юритиш учун зарур шароитлар яратилган»
  • 24 Июнь 2015

«Ўзбекистонда муваффақиятли бизнес юритиш учун зарур шароитлар яратилган»

Мадридда Ўзбекистон Республикасининг сармоявий салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Мамлакатимизнинг Испаниядаги элчихонаси томонидан “Испан брендлари” форуми билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилган ушбу маросимда Испания тадбиркорлари ассоциацияси, Саноат асбоб-ускуналари ишлаб чиқарувчилари уюшмаси ҳамда тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, қурилиш ва бошқа соҳаларга ихтисослаштирилган йирик компанияларнинг вакиллари ҳозир бўлдилар.

Унда Ўзбекистон томонидан “Ўзмарказимпэкс” ва “Ўзинтеримпэкс” давлат ташқи савдо компаниялари вакиллари қатнашди.
Тадбир чоғида испаниялик тадбиркорлар Ўзбекистоннинг 2014 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши тафсилотлари ҳамда 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устуворликлари билан яқиндан танишди. Шунингдек, мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва ҳукм сураётган қулай сармоявий муҳит ҳақидаги маълумотлар ҳам уларнинг эътиборига ҳавола қилинди. Шу ўринда юртимизда ташкил этилган махсус индустриал ҳудудлар ва уларда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларга, хорижлик сармоядорлар учун таклиф қилинаётган кенг қамровли имтиёз ҳамда преференцияларга, шунингдек, чет эллик сармоядорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашга йўналтирилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
“Ўзмарказимпэкс” ва “Ўзинтеримпэкс” давлат ташқи савдо компаниялари вакиллари испан ишбилармон доираларини ўз компаниялари фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда республикамизнинг тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати соҳаларидаги сармоявий лойиҳалари билан яқиндан таништирдилар.
Тақдимотда асосий маъруза билан иштирок этган “SERCOBE” компаниясининг Шарқий Европа ва МДҲ мамлакатлари бўйича директори Э. Родригез ўз чиқишида Ўзбекистоннинг иқтисодиёт соҳасида қўлга киритган муваффақиятларига юқори баҳо берди. У тадбир қатнашчилари эътиборини “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ва “Ангрен” махсус индустриал зонасида ҳукумат томонидан хорижлик сармоядорлар учун тақдим этилаётган солиқ имтиёзларига қаратди. Э. Родригез юртимизнинг жуғрофий жиҳатдан қулай жойлашгани ҳамда 280 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари бозорларига бож тўловларисиз чиқиш имкониятини қайд этди. Унинг фикрича, бундай қулайликлар ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини катта ҳажмларда ва қисқа муддатларда сотиш имконини беради.
“Испан брендлари” форумининг халқаро лойиҳалар бўйича директори П. Вергаз “Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюси чоғида Ўзбекистон ва Испаниянинг ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун катта салоҳиятларга эга эканлигини қайд этди. Унинг айтишича, Ўзбекистонда ҳар томонлама қулай бўлган солиқ имтиёзлари амал қилмоқда, муваффақиятли бизнес юритиш учун зарур шароитлар яратилган. П. Вергаз Ўзбекистон иқтисодиётининг тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан Испанияда катта қизиқиш мавжуд эканлигини маълум қилар экан, ўз мамлакати компанияларини Ўзбекистондаги бизнес лойиҳаларда янада фаол иштирок этишга чақирди.
— Компаниямиз энергетика соҳасидаги лойиҳаларда қатнашишдан манфаатдордир, — деди “Inael Electrical System” компанияси президенти Ф. Гароз. — “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ва “Ангрен” махсус индустриал зонасида яратилган қулайликлар чет эллик инвесторлар иштирокида муваффақиятли бизнес юритишга кўмаклашади. Ҳозирги пайтда биз электр анжомлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона тузиш масаласи юзасидан музокаралар ўтказиш учун Ўзбекистонга боришни режалаштирмоқдамиз.
“Ingeteam” компаниясининг тижорат бўйича директори А. Торре Ўзбекистон бугунги кунда иқтисодиётнинг изчил ривожланиб бораётган тармоқларига ҳамда ўсувчан истеъмол бозорига эга эканлигини билдирди.
— Иқтисодий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар сармоя ётқизиш ва муваффақиятли бизнес юритиш учун қулай шароитларни яратади, — деди у. — Бундай шароитларда Испания компаниялари ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдордир.

«Жаҳон» АА.
Мадрид

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn