Янги марралар сари руҳлантирмоқда
  • 24 Июнь 2015

Янги марралар сари руҳлантирмоқда

Иқтисодиётимизни демократлаштириш ҳамда эркинлаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, хусусий мулк ва инвестициялар дахлсизлигини ҳимоя қилишга қаратилган ишончли меъёрий-ҳуқуқий асослар яратиш, ишбилармонлар учун зарур шароит ва кафолатлар туғдириб бериш бўйича салмоқли ишлар қилинди. Президентимизнинг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Шу боис ушбу ҳаётий ҳужжатни тадбиркорлар зўр мамнуният билан кутиб олдилар. Унда белгилаб берилган устувор вазифалар замирида бизнес соҳаси вакилларига янада эркинлик бериш, улар фаолиятига ноқонуний аралашишга чек қўйиш, моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишни кенгайтириш каби эзгу мақсадлар мужассамдир.
Айниқса, 2015 йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорларга, фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилаётгани юксак ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодасидир. Ахир бундай имтиёзлар тадбиркорлар учун қўшимча иш ўринлари яратиш ва иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаб олишда беқиёс рағбатдир. Фармон билан тасдиқланган Чора-тадбирлар дастурида хўжалик юритувчи субъектларга кенг эркинлик берилган. Энди ҳуда-беҳуда аралашишларга чек қўйилади, ноқонуний текшириш натижасида мулкдорлар ҳуқуқларини бузганларга жиноий жавобгарликка тортишгача чора кўрилади.
Биз ҳам бу каби қулай шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиб, корхонамиз фаолиятини кенгайтиришга муваффақ бўлаяпмиз. Натижада ҳозирги кунда ишчилар сони 50 нафарга етди. Бунда банкнинг молиявий кўмаги билан хориждан 24 та тўқув, 20 та тикув машинаси олиб келганимиз айни муддао бўлди. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, ойига 25-30 миллион сўмлик маҳсулот тайёрланаяпти. Уларнинг сифати юқорилиги боис хорижда ҳам талаб катта. Хусусан, сочиқ ва газламаларнинг асосий қисми экспорт қилинаётир. 
Фаолиятимизни янада кенгайтириш мақсадида яқинда 35 минг АҚШ долларига Хитойдан янги русумдаги дастгоҳлар харид қилдик.
Ўтаётган ҳар кунимиздан рози бўлиб, эртамиздан кўнглимиз тўқлиги бизни ана шундай янги марралар сари руҳлантирмоқда.

Неъмат АБДУЛЛАЕВ,
Бойсун туманидаги «Умид» кичик корхонаси раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn