Жаҳон андозаларига мос фаолият ўзаро алоқаларнинг кенгайишида муҳим ўрин тутади
  • 24 Июнь 2015

Жаҳон андозаларига мос фаолият ўзаро алоқаларнинг кенгайишида муҳим ўрин тутади

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан банк инфратузилмасини ривожлантиришга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда молия-банк соҳасини ислоҳ қилиш, банкларнинг барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Кейинги йилларда молия муассасаларига инвестициялар жалб этиш кўлами кенгайтирилган ҳолда, улар томонидан ажратилаётган кредитлар салмоғи ортиб бораётгани, аҳолининг банклар хизматидан фойдаланиш имконияти ошиб, ишончи тобора мустаҳкамланаётгани ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Маълумки, замонавий банк фаолияти зарур инфратузилмани яратиш билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис юртимизда мазкур йўналишдаги ишларга алоҳида эътибор қаратилиб, бунинг учун тегишли ҳуқуқий база мустаҳкамланмоқда. Жумладан, “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги ҳамда “Гаров реестри тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари банк тизими барқарорлигини таъминлаш ва салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Чунки мазкур қонунлар талабидан келиб чиқиб,  Ўзбекистон Банклари ассоциацияси қошида “Кредит-ахборот таҳлилий маркази” кредит бюроси ҳамда Марказий банк ҳузурида “Гаров реестри” давлат унитар корхонаси ташкил этилди.
— Ушбу қонунларда потенциал қарздорларнинг кредитлар ва бошқа қарзлар бўйича ҳолати, мажбуриятларни бажариши, тўловга қобилиятлилиги ва бошқа хусусиятларини тўлиқ қамраб олган маълумотларни тақдим этиш билан боғлиқ муносабатлар ҳуқуқий асослаб берилгани айни муддао бўлди, —  дейди “Кредит-ахборот таҳлилий маркази” кредит бюроси директори Музаффар Саломов. — Шунингдек, кредит ахбороти ва кредит тарихи таърифларининг аниқ белгилаб қўйилгани бу борадаги маълумотлар базасини кенгайтиришга замин яратди.  Натижада ҳозирги кунда кредит ахбороти алмашинуви тизимида нафақат банклар, балки молия-банк тизимининг бошқа субъектлари, шу жумладан, ломбардлар, лизинг, микрокредит ва суғурта ташкилотлари фаол иштирок этмоқда.
Бундан ташқари, базада маълумотларни янада кенгайтириш имконияти мавжудлиги ҳам эътиборга лойиқ. Шундан келиб чиқиб, айни кунларда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси, давлат нотариал идоралари, “Ўзбекэнерго” ДАК ҳамда  “Сувсоз” ДУК билан ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб борилаётир.
Дарҳақиқат, мазкур бюро билан ҳамкорлик қилаётганлар сафи тобора кенгаймоқда. Масалан, 2013 йилда бу ерга мурожаат қилганлар сони бир кунда ўртача 1223 нафарни ташкил этган бўлса, ўтган йили ушбу кўрсаткич қарийб 6 мингтага етди. Бу, албатта, ҳозир бюрода 876 762 та юридик ва 3 млн. нафардан зиёд жисмоний шахслар тўғрисида маълумотлар борлиги натижасидир.
 “Гаров реестри” давлат унитар корхонаси директори Шерзод Холиёровнинг айтишича,  бугунги кунда 120 дан ошиқ фойдаланувчилар рўйхатдан ўтказилиб, интернетда улар учун шахсий кабинет очилган. Салкам бир йил ичида фойдаланувчилар томонидан гаров реестрига 201 мингта ёзув киритилган бўлса, гаров мажбуриятлари бажарилгандан сўнг эса 9 мингдан зиёд ёзув гаров реестридан чиқарилди.
Айтиш жоизки, гаров реестрининг қўлланилиши молия-банк тизими учун бир қатор афзалликлар берди. Айтайлик, кредитор ундан керакли ахборотни қисқа муддатда олиш имкониятига эга. Бу эса гаров реестри кредиторнинг кредит таваккалчиликларини камайтиришга имкон бериб, кредитлаш амалиётини тезлаштиришга хизмат қилаётир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn