Банкларнинг молиявий барқарорлигига эришилмоқди
  • 23 Июнь 2015

Банкларнинг молиявий барқарорлигига эришилмоқди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан “Standard & Poor’s” халқаро рейтинг агентлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон тижорат банкларига халқаро рейтинг тақдим қилиниши ва қайта тасдиқланиши масалаларига бағишланган навбатдаги конференция ташкил этилди.

Президентимизнинг 2015 йил 6 майдаги “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш доирасида ўтказилган мазкур тадбирда республика Марказий банки ва тижорат банкларининг раҳбарлари, кредит ташкилотларини аудитдан ўтказувчи халқаро ҳамда маҳаллий аудиторлик компанияларининг масъул ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда юритилаётган самарали иқтисодий сиёсат молия-банк тизимининг барқарор ривожланишига мустаҳкам пойдевор яратмоқда. Натижада унинг иқтисодиёт тармоқлари равнақидаги мавқеи ошиб, реал сектор корхоналарини кредитлаш имкониятларини тобора кенгайтираяпти.
— Ўзбекистон банк тизимининг капиталлашиш даражаси ва ликвидлилигини ошириш, Базель-III талабларини жорий этишга қаратилган ташаббусларини ижобий баҳолаймиз, — дейди агентликнинг Молиявий институтлар директори ўринбосари Анастасия Турдиева. — Президент Ислом Каромов томонидан яқинда имзоланган  қарорда айни шу мақсаддаги устувор вазифалар белгилаб берилганидан хабардормиз. Юртингизда олиб борилаётган бундай тизимли ислоҳотлар  банкларнинг капиталлашув даражаси ошиб боришида муҳим омил бўлмоқда. Бу, ўз навбатида, агентлигимиз томонидан ижобий баҳолаб келинмоқда. Бинобарин, банк тизимининг барқарор ресурс базаси ва тегишли банк назорати иқтисодий ўсиш жараёнида ижобий омиллардан бири ҳисобланади.
МДҲга аъзо айрим мамлакатлар рейтингининг ёмонлашуви кузатилаётган ҳозирги мураккаб бир шароитда Ўзбекистон банк тизимининг иқтисодий таваккалчиликларга таъсирчанлиги “барқарор” деб баҳоланмоқда. Чунки соҳанинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ мақсадли чора-тадбирлар кўрилаётгани туфайли банкларнинг жами капитали сўнгги беш йилда 2 мартадан ошиқроқ, ўтган йилнинг ўзида эса 25 фоиз ўсди. Банк тизими капиталининг етарлилик даражаси эса халқаро стандартлардан 3 баравар кўпдир. Бу Марказий банк томонидан банк назорати Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва банк назорати бўйича Базель қўмитасининг тавсияларига мувофиқ, илғор халқаро тажрибалар асосида узлуксиз ва ўз вақтида такомиллаштириб борилаётгани самарасидир.
Анжуман давомида “Standard & Poor’s” агентлиги экспертлари томонидан рейтинг тақдим этиш мезонлари таҳлили, ўз кредит лаёқатлилигини баҳолаш, шунингдек, банк назорати бўйича Базель қўмитасининг Базель III стандартларини жорий қилиш тажрибаси тавсиялари ва уларнинг банклар рейтингига таъсири масалалари бўйича тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Самарадорлик омили Юқори натижага эришилди »