Рақобатбардош маҳсулотлар ва экспорт
  • 19 Июнь 2015

Рақобатбардош маҳсулотлар ва экспорт

Енгил саноат мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал суръатларда ривожланаётган етакчи соҳаларидан бири ҳисобланади. Зеро, заминимизда етиштирилган пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ҳажми йил сайин ортиб, ички бозор юқори сифатли маҳсулотлар билан тўлдирилиши баробарида, экспорт салоҳияти юксалиб бораяпти.

“Ўзбекенгилсаноат” давлат-акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналар йилига 450 минг тонна калава ип, 296 миллион квадрат метр газлама, 90 минг тонна трикотаж мато, 270,2 миллион дона тикувчилик-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга эканлиги ана шундай дейишимизга асос бўла олади. Бу Президентимиз ташаббуси билан истиқлол йилларида мазкур соҳа изчил ислоҳ этилиб, кўплаб замонавий корхоналар ишга туширилгани, мавжудлари тубдан модернизация қилинаётгани самарасидир.
Пойтахтимизда “Ўзбекенгилсаноат” компанияси томонидан тизим корхоналарида жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш масаласига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз юритилди.  Таъкидланганидек, бугунги кунда компания таркибида 310 та корхона фаолият кўрсатаётган бўлса, уларда, асосан, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилаяпти. Бу маҳсулотлар табиий пахта толасидан харидорлар дидига мос қилиб тайёрланаётгани туфайли ташқи бозорда ҳам талаб йил сайин ортиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, чет эл инвестициялари жалб этилган ҳолда, янги қувватлар фойдаланишга топширилаяпти. Масалан, биргина сўнгги уч йил давомида 92 та замонавий янги корхона иш бошладики, бунинг эвазига 11,6 мингта иш ўрни очилиб, 215,8 миллион АҚШ долларилик маҳсулотни экспорт қилиш имконияти юзага келди.
— Мамлакатимизда олиб борилаётган экспорт сиёсати хорижга хом ашё эмас, тайёр ва яримтайёр маҳсулотлар сотишга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир, — дейди “Ўзбекенгилсаноат” компанияси бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Аваз Муҳиддинов. — Бунинг самарасини енгил саноат маҳсулотлари экспорти таркибида тайёр маҳсулотлар улуши  ортиб бораётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Агар 1991 йилда чет эллик буюртмачиларга 7 миллион долларлик маҳсулот етказиб берилган бўлса, ўтган давр ичида бу кўрсаткич 120 баробар ўсди. Аниқроғи, 2014 йил якуни бўйича 1 миллиард долларлик маҳсулот жаҳоннинг 50 дан зиёд мамлакатларига “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида юборилди.
Тадбирда, шунингдек, соҳада чет эллик инвесторлар иштирокида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар, жаҳон бозори талабларидан келиб чиқиб, янги газламалар ва маҳсулотлар тайёрлаш, либосларнинг янги дизайни ҳамда моделларини яратиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn